[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.05.2018. Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш билан бирга, Ватанимиз мустақиллиги ва тинчлиги йўлида жонини фидо қилган инсонлар ёдга олиниб, уларнинг руҳларини шод этувчи тадбирлар ўтказилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда  барча соҳаларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида амалда қадр топиб, уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларга эъзоз кўрсатиш, кексаларни қадрлаш билан бирга ўтганларни хотирлаш, уларнинг ибратли ишларини ёд этиб, эҳтиром кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунларда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Республикамизнинг турли ҳудудларида Ватанимиз равнақи, халқ тинчлиги учун курашган юртдошларимизни эъзозлаш, орамизда бўлмаганларни хотирлашга бағишланган тадбирлар ўтказилиб, кекса ва ёлғиз иноснлар ҳолидан хабар олинмоқда. Мазкур йўналишлардаги эзгу ишларга касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар бир ҳудудда ижтимоий акциялар ташкил этилиб, улар доирасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини хотирлаш, уларнинг оила аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган худди шундай тадбирларда эса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат ва Қуролли кучлар фахрийлари иштирокида “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас”, “Мардлик, бурч ва садоқат” мавзуларига бағишланган авлодлар учрашуви, давра суҳбатлари, маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай байрам тадбирларидан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг 8 май куни пойтахтимиздаги “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да ўтказилди. Мазкур тадбир давомида ушбу масканда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийларига байрам кайфиятини улашиш билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси совғалари ҳам топширилди. Даврага таниқли санъаткаорлар ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги куй ва қўшиқлар янада файз бағишлади. Бундай тадбирлар Республикамиздаги “Саховат” уйлари, меҳнат жамоаларида ҳам ташкил этилиб, кексалар, жисмоний имконияти чекланган ҳамда ёлғиз  инсонлар касаба уюшмалари томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Хусусан, жойларда 200 нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фахрийлари учун тарихий обидалар, диққатга сазовор масканлар ҳамда алломаларимиз зиёратгоҳларига саёҳатлар ташкил этилди. Байрам муносабати билан корхона ва ташкилотларда кўп йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари ҳамда жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар)га байрам совғалари топшириш билан бирга, уларнинг театрлар, концертлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларга ташрифлари уюштирилди.

Шунингдек, Хотира ва қадрлаш куни арафасида касаба уюшма фаоллари хизмат вазифасини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилалари ҳолидан хабар олиб, касаба уюшма ташкилотлари томонидан уларга манзилли моддий ёрдамлар кўрсатилди. Меҳнат жамоаларида фахрийлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон турлари бўйича мусобақалар ҳамда ёшлар ўртасида Хотира турнирлари ўтказилди. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда эса Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари, ногиронлиги бўлган инсонлар ва фахрийларнинг сифатли соғломлаштирилиши учун барча зарур шарт-шароитлар ҳамда қўшимча қулайликлар яратилиб, 18 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 12 нафар уларнинг кузатувчилари, 369 нафар меҳнат фронти фахрийлари бепул соғломлаштирилмоқда. Санаторийларда дам олаётган фахрийлар учун муолажалар билан бирга байрам муносабати билан маданий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.

Биргина Тошкент шаҳри миқёсида Тошкент шаҳар Ички Ишлар бош бошқармаси  ҳисобида турувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 12 нафари, меҳнат фронти қатнашчиларидан 26 нафари ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида  ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ногиронлиги бўлган ходимлардан 29 нафарининг оилалари холидан хабар олиниб, касаба уюшмаларининг совғалари топширилди.

Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1926 йилда туғилган Қаҳҳор Холматов хонадонига ташриф буюриб, Федерациянинг совғаларини топширдилар. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари меҳнат фронти қатнашчиси, Миробод туманида истиқомат қилаётган подполковник Александр Журавлев хонадонида ҳам бўлдилар. 94 ёшли меҳнат фронти фахрийси А.Журавлевга касаба уюшмалари томонидан ажратилган совғалар топширилди.

Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Давлатимиз раҳбарига чин қалбдан миннатдорчилик билдириб, дуога қўл очдилар. Ватанимиздаги тинчлик ва хотиржамлик, тўкин ва фаровон ҳаётда яшаётганимиз учун шукроналар айтдилар.

Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси давом этмоқда.

 Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати