[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.05.2018. Касаба уюшмалари аралашуви билан Зафаробод туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ш.Каримов Жиззах ҳарбий прокурорининг келтирган протестига асосан қуролли кучлар хизматчиси Далер Бобоевга 2016 йил 7 сентябрдаги 60-сонли буйруғи билан Меҳнат кодексининг 181-моддаси, 1-қисмига асосан берилган «ҳайфсан» интизомий жазо чорасини бекор қилишга ҳамда «огоҳлантириш хати»ни қайтиб олишга мажбур бўлди. Чунки туман мудофаа ишлари бўлими бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Д.Бобоевга нисбатан қўлланилган интизомий жазо Меҳнат кодексининг 182-моддасида белгиланган бир ойлик муддатда эмас, уч ойда қўлланилган.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида имзоланган тармоқ келишувининг 14-банди, Меҳнат кодексининг 101-моддаси ҳамда «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси талабига асосан касаба уюшма раисини ишдан бўшатишдан олдин юқори касаба уюшмасининг ёзма розилиги олинмаган. Оқибатда ходим ишга тикланиб, унга мажбурий бекор юрган кунлари учун 2 миллион 146 минг сўм ­маблағ иш берувчи ҳисобидан тўлаб берилди.
Бир қарашда барчаси рисоладагидек: иш берувчи ўзининг ноқонуний буйруғини бекор қилди, ходим ­аввалги вазифасига қайта тикланди ва адолат қарор топ­гандек бўлди. Афсуски, ундай бўлмади. Раҳбарнинг ходимга нисбатан ички адовати зўрлик қилибми, ҳартугул ўзи ишдан кетиши олдидан «ҳап, сеними, шошмай тур!» қабилида иш тутди. Иш берувчи ходимга нисбатан яна амалдаги меҳнат қонунчилигига зид бўлган буйруққа имзо чекди. 2018 йилнинг 18 январдаги буйруққа кўра Д.Бобоев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Буйруққа йиғилиш баённомаси ва Меҳнат кодекси асос қилинган. Ваҳоланки, МКнинг 107-моддасига кўра иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу кодекснинг 87, 89, 97, 99, 100, 105, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асос­ларини назарда тутувчи бошқа норматив таърифга мувофиқ ёзилиб, кодекснинг ёки бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди)га биноан бекор қилингани кўрсатилиши зарур эди.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратсак. Туман мудофаа ишлари бўлимининг жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш лозимлиги белгиланган. Д.Бобоев мудофаа ишлари бўлимининг 2016 йил 5 июндаги умумий йиғилиши қарорига кўра бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислигига сайланган.
«Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолия­тининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги «Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш тўғрисидаги Тартиб»нинг 4-бандида ишлаб чиқаришдаги асосий ишидан озод қилинмаган корхона касаба уюшмаси органининг раиси ёки аъзоси билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш юзасидан тақдимнома корхона касаба уюшма қўмитаси ҳамда тегишли касаба уюшмасининг тармоқ ёки ҳудуд бўйи­­ча бирлашмаси (уюшмаси) органи томонидан кўриб чиқилиши қатъий белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 25-моддасида вакиллик органига сайланган ва ишлаб чиқаришдан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо беришга, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмай туриб йўл қўйилмаслиги баён этилган.
Ана шу каби ғайриқонуний ҳолатлар юзасидан юборилган тақдимнома янги иш берувчи Э.Саримсақов томонидан эътиборсиз қолдирилгач, ходим манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритилди.
Судга тегишли тартибда чақирилган Зафаробод тумани мудофаа ишлари бўлими вакили келмагани туфайли суд мажлиси икки бора қолдирилди. Ниҳоят, суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди. Унга кўра иш берувчининг 2018 йил 18 январдаги 6-сонли буйруғи бекор қилинди ва ходим Д.Бобоев ишга тикланиб, унинг мажбурий бекор юрган кунлари учун 2 880 000 сўм иш ҳақи ҳамда 300 минг сўмлик маънавий зарар ундириладиган бўлди.

Алишер КАРИМОВ,
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси