28.05.2018. Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2018 йил 17 майдаги 10-сонли кенгайтирилган селектор мажлиси Баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2018 йилнинг 26 май куни Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида мавсум ташкилотчилари ва оромгоҳларга жалб этиладиган ходимлар учун ҳудудий семинарлар ташкил этилди.
Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва ўтказиш ишлари сифати ҳамда самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу семинарларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар раислари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари, тегишли вазирлик, идора ва бошқармалар мутасаддилари, стационар турдаги оромгоҳлар бошлиқлари ҳамда ёз мавсуми давомида оромгоҳларда фаолият кўрсатувчи ходимлар иштирок этдилар.
Ҳудудий семинарлар 2 боскичда, яъни ялпи йиғилиш ва ҳар бир соҳа мутахассислари учун ташкил этилган секциялар тарзида ўтказилди.
Ана шундай ҳудудий семинарлардан бири Наманган вилоятида ҳам ташкил этилди. Вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси тасарруфидаги “Камалак” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган ҳудудий семинарнинг ялпи йиғилиши давомида Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари томонидан иштирокчиларга мавсум давомида барча турдаги болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш, болаларнинг сифатли, мазмунли ва қизиқарли дам олишларини таъминлаш йўналишларида устувор бўлган масалалар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Айниқса, оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз равишда етказиб бериш билан бирга уларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб беришини назорат қилиб бориш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, оромгоҳларда фаолият кўрсатиш учун ҳар бир соҳадан малакали ходимларни жалб этиш йўналишларида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. Бугунги оромгоҳлар фақатгина соғломлаштириш масканлари эмас, балки ўғил-қизларни интеллектуал ривожлантириш марказлари сифатида фаолият кўрсатиши зарур эканлиги таъкидланди.
Семинарда қайд этилганидек, Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Копцепцияси талаблари асосида жорий йилда оромгоҳлар фаолиятини янада такомиллиштириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, соғломлаштириш ишларининг сифати ва дам олдириладиган болалар сони оширилишига эришилди. Хусусан жорий йилда оромгоҳларда 301 минг 500 нафардан ортиқ болажонларни соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилги режага нисбатан соғломлаштирилиши режалаштирилган болалар сонининг 7 минг 600 нафарга кўпайганини кўрсатади.
Давлатимиз томонидан болалар оромгоҳларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларни замонавий дам олиш масканларига айлантиришга катта эътибор қаратилиб, оромгоҳлар йилдан-йилга янгиланиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, қабул қилинаётган Манзилли дастурлар асосида мамлакатимизда бугунгача 100 дан ортиқ болалар сорғломлаштириш оромгоҳлари таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилди. 17 та оромгоҳ янгидан қурилди. Мазкур бунёдкорлик ишлари натижасида, оромгоҳлардаги ўринлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Жорий йилда мамлакатимиз миқёсида 1 минг 313 та оромгоҳ фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Рақамлардан кўриниб турибдики, жорий йилда республикамизда фаолият кўрсатувчи оромгоҳлар сони ўтган йилги режага нисбатан 23 тага кўпайган. Улардан 206 таси стационар, 978 таси кундузги, 129 таси Меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир.
Ушбу оромгоҳларда 301 минг 589 нафар, шу жумладан стационар оромгоҳларда 153 минг нафардан ортиқ, кундузги оромгоҳларда 148 минг нафардан ортиқ болани соғломлаштириш режалаштирилган. Бу ўтган йилги режага нисбатан болаларни соғломлаштириш қамрови 7 минг 600 нафарга ортганини кўрсатмоқда.
Жорий йилда ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолияти сифати ва самарадорлигини янада ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бу йил ёз мавсуми давомида республикамиз ҳудудларида 15 та интеллектуал ривожлантириш, 14 та ҳарбий-спорт, 14 та экологик-биологик, ўлкашунослик, 14 та техник ижодкорлик, 14 та бадиий ижодкорлик, 7 та ижтимоий мослашув оромгоҳлари ташкил этилади. Шунингдек, ўсмир ёшдаги болаларни ҳордиқ билан қамраб олиш мақсадида ташкил этиладиган “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари сони жорий йилда 129 тани ташкил этади.
Семинарда Наманган вилояти миқёсида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари сифатини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиб ўтиш жоизки, жорий йилги мавсум давомида вилоятдаги 8 та стационар оромгоҳда 5650 нафар, мактаблар қошидаги 102 та кундузги оромгоҳда 11 минг 850 нафар болажонларни, жами вилоят миқёсида 17500 нафар ўғил-қизни соғломлаштириш режалаштирилган. Ҳудудий семинар давомида энг аввало вилоятдаги оромгоҳларнинг мавсумга тайёргарлиги, болаларни соғломлаштиришни кўнгилдагидек ташкил этиш, мазкур йўналишлардаги ишларга мавсумни намунали ташкил этиш ва самарали ўтказиш ишларига алоқадор бўлган барча идора, ташкилот ва муассасаларнинг саъй-ҳаракатларини уйғун ҳолда йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бугун Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, жадал ривожланиш жараёнларидан келиб чиққан ҳолда оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш масаласида янгича ёндашув жорий этилмоқда. Яъни, оромгоҳлар, хоҳ стационар, хоҳ кундузги оромгоҳ бўлсин, болажонларнинг нафақат жисмоний чиниқиши ва ҳордиқ чиқаришига, балки уларнинг маънавий кучга тўлиши, тафаккури кенгайишига хизмат қилувчи маскан сифатида фаолият кўрсатишини таъминлаш асосий мақсадлардан биридир. Шу боис жорий йилда оромгоҳларда фаолият кўрсатувчи кадрларнинг юқори малакага эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинар давомида шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар, масъул идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокчилар учун соғломлаштириш мавсумига тааллуқли бўлган ҳар бир масала юзасидан батафсил маълумотлар бердилар.
Секция машғулотлари давомида ҳар бир соҳа вакиллари, хусусан, педагог кадрлар, етакчилар ва тўгарак раҳбарлари, спорт йўриқчилари, тиббиёт ходимлари, техник ва хўжалик ходимларининг тарбиявий ишларни кучайтириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни қизиқишларига мувофиқ тўгаракларга жалб этиш, тегишли ҳужжатларни юритиш каби соҳалардаги билим ва кўникмалари оширилди. Ҳар бир соҳа вакилларига мутахассислар томонидан яна бир бор болалар оромгоҳларида ишларни тўғри ташкил этиш, ҳар бир йўналишда алоҳида эътибор қаратишни талаб этувчи масалалар, юритиладиган ҳужжатлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Ҳудудий семинарлар доирасида ташкил этилган кўргазмаларда Болаларни соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркибидаги Ишчи гуруҳлари томонидан тегишли йўналишларда ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар, тарқатма материаллар, плакатлар, оромгоҳларда фаолият юритиши режалаштирилган тўгарак ва кутубхоналар фаолияти, ўтган йилги соғломлаштириш мавсуми якунларига кўра энг намунали деб топилган оромгоҳлар фаолиятига оид стендлар намойиш этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати