05.06.2018. Меҳнат қилиш одамга қачон ёқади? Қадр топган, муносиб баҳо олинганда.
Наманган шаҳрида ўтказилган 58-анъанавий Гул байрамида иштирок этиб, махсус ҳудудда нозик дид ва нафислик билан ажиб гулзор яратган Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг Гул байрамида 1-ўринни қўлга киритгани ҳар бир касаба уюшма фаоли учун ана шундай самимий эътироф ва катта совға бўлди.
Давстлаб сайил ўтказилажак Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғ ҳудудидан Бирлашма учун махсус жой ажратилган эди. Танлов шартларига мувофиқ безатилган, ранго-ранг гуллар экилган ҳудудни касаба уюшмаларининг “Инсонга наф келтириш – олий бахт” шиори ёзувини акс этирган нафис гуллар янада яшнатиб юборди. Ҳудуд сайил кунлари давомида дам олувчиларнинг энг севимли гўшасига айланди. Соя-салқин, гуллар атрига чўмган мазкур гўшага республикамизнинг таниқли санъаткорлари ташрифи ташкиллаштирилди.
Ҳориждан келтирилиб, иқлимимизга мослаштирилган гулларнинг ўзига хос дизайн асосида анвойи райҳонлар билан биргаликда экилгани яхлит ансамблни кўз олдимизда намоён этди. Гул аллеясининг ҳар бир қаричида гул шайдоларининг меҳнати ҳис этиб турилди.
2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш” йилида мутлақо ўзгача руҳ, ўзгача шартлар асосида ўтказилган танловда шартларни тўлақонли бажаргани, намойиш этилган кўргазмаларда ижтимоий-иқтисодий салоҳиятни акс эттирувчи мазмунли, жозибадор композициялардан моҳирона фойдаланилгани, маданий-маърифий тадбирларни мазмунли тарзда ташкил этгани учун 58-аньанавий гул байрамининг тантанали ёпилиш маросимида вилоят ҳокими томонидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига 1-даражали диплом топширилди.
Нодира Мамаюсупова,
Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси ташкилий ишлар бўлими мудири