[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

02.07.2018. Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашига «IRRIGATSIYA BO‘YICHA BMKB» корхонасида 46 йил ҳалол меҳнат қилиб, иш жараёнида бахтсиз ҳодисага учраган Фаррух Маҳкамовдан мурожаат келиб тушди.

Унда баён қилинишича, Ф.Маҳкамов «1-К62» русумли токарлик дастгоҳида ҳимоя тўсиғисиз, шахсий муҳофаза воситаси бўлган махсус кўзойнаксиз темир арматурага ишлов бераётганида металл парчаси ўнг кўзига кириб кетади ва жиддий жароҳатлайди. Цех ичида ишлаётган ишчилар унга тезда корхона тиббиёт пунктига мурожаат қилишни таклиф қилишади. Аммо Ф. Маҳкамов оғриқ зўрлигидан зудлик билан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига етиб борган. Мазкур тиббий муассаса шифокорлари томонидан унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Кўзига санчилган металл парчаси жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Муолажаларни давом эттириш учун клиникага ётқизилади.
– Инсон борки, қадри учун куяди, – дейди Фаррух Маҳкамовнинг умр йўлдоши Адолат опа. – Турмуш ўртоғим шифохонада даволанаётганида ниҳоятда дили ранжиди. Чунки салкам ярим асрлик умри ўтган ишхонаси раҳбарлари келиб, ҳол-аҳвол сўраш ўрнига барча айбни унинг ўзига тўнкашди. Ҳеч кимнинг бошига бундай фалокат тушмасин экан. Яхшиямки, уч йил олдин ёшга доир пенсияга чиққанди. Оғир кунларда шу пенсия пули кунимизга яради,
Мазкур бахтсиз ҳодиса рўй берганидан 6-7 ой вақт ўтгач, Ф. Маҳкамов иккинчи жарроҳлик операциясини ўтказди. Шу йилнинг март ойи­­да Шайхонтоҳур туманлараро ТМЭК томонидан унга 30 фоиз меҳнат лаёқатини йўқотгани тўғрисида хулоса берилди.
Амалдаги қонунчиликка биноан ногиронлик белгиланганидан кейин жабрланувчига касб касаллиги учун ҳар ойда тўлов амалга оширилиши зарур. Аммо қўшма корхона мутасаддилари ушбу нафақани тўлашдан бош тортишди. Шундан сўнг ­­Ф. Маҳкамов ҳақ-ҳуқуқини тиклаш мақсадида Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
– Узоқ йиллик фаолиятим давомида жуда кўп мурожаатлар билан шуғулланганман, лекин ходимга нисбатан бундай адолатсизлик, қонунларга беписандлик, инсон қадрини бу даражада оёқости қилиш ҳолати камдан-кам содир бўладиган воқеа, – дейди бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Равшан Маҳамадалиев.
Ушбу масала бўйича кенгашга ариза келиб тушганидан кейин одатга кўра касаба уюшма мутахассислари жабрланувчи ишлаган қўшма корхонага бориб, ушбу масалани синчковлик билан ўрганиб чиқишди. Олдинига муассаса раҳбарларига мазкур ҳолатда амалдаги тегишли қонунлар қўпол тарзда бузилаётганини ётиғи билан тушунтиришга уриниб кўришди. Бироқ улар ноҳақ эканини тан олишмади.
Шундан сўнг, мазкур масала юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этилди. Суд жараёнларида корхонанинг тегишли вакиллари ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмаган сабабларни рўкач қилиб, тиш-тирноғи билан айбни жабрланувчига тўнкашга ҳаракат қилди. Касаба уюшмаси мутахассиси Р. Маҳамадалиев эса ҳар бир суд жараёнида иштирок этиб, Фаррух Маҳкамовга бахтсиз ҳодисага учрагани учун бир марталик товон пули ва ҳар ойда касб касаллиги учун нафақа тўланиши шарт эканини қонунлар ва тегишли тиббий ҳужжатлар билан асослаб берди.
Ниҳоят, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Ф. Маҳкамовнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Унга асосан, «Ирригация бўйича БМКБ» корхонасидан даъвогарнинг фойдасига ҳар ойда уч юз йигирма икки минг тўққиз юз етмиш олти сўмдан соғлиққа етказилган зарар учун нафақани ойлик иш ҳақининг ошиб боришига мутаносиб равишда ундирилиши қайд этилди. Бундан ташқари, касаба уюшмаси аралашуви билан тегишли суғурта компанияси томонидан Ф. Маҳкамовга 12 миллион сўмдан ошиқ бир марталик товон пули тўланишига эришилди.
– Миннатдорлигимизнинг чеки йўқ, – дейди жабрланувчининг турмуш ўртоғи Адолат Маҳкамова. – Агар касаба уюшмалари шунчалик қўллаб-қувватламаганида, ҳақимизни ундириш амримаҳол эди. Энг муҳими, бир марталик товон пули олиш ҳуқуқи борлигини ҳам касаба уюшмаларига мурожаат қилганимиздан кейин билдик. Кенгаш фаоллари товон пулини қаердан, қандай ҳужжатлар асосида талаб қилиб олишнинг йўл-йўриқларини обдон тушунтиришди. Бошимизга тушган ташвишдан билдикки, касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг беғараз ва холис ҳимоячиси экан.