11.07.2018. Республикамизда об-ҳаво хароратининг ўтган йилларнинг шу даврига нисбатан аномал кескин ошиши қайд этилмоқда.
Юқори ҳарорат бино ичи ва унинг ташқарисида меҳнат қилаётган ходимларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши, ҳусусан, сурункали кассаликларнинг қўзғалиши, айрим ҳолатларда эса, тана ҳароратининг кўтарилиши ва соғлиқнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси корхоналар ва ташкилотлар хусусиятларини инобатга олиб, юқорида қайд этилган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ходимлар учун қуйидагиларни тавсия қилади:
заруратсиз бино ташқарисига камроқ чиқиш, жисмоний юкламани камайтириш;
ходимлар фаолият юритаётган бино хоналарини шамоллатиш – деразаларни очиб қўйиш ёки вентилятор ва кондиционерлардан фойдаланиш;
очиқ ҳавога чиққанда енгил рангли табиий матолардан тикилган кийим-кечакларни кийиш, кийим ёқаси иложи борича очиқ ҳолатда бўлиши, ёзги шляпа (панама, рўмол ва бошқалар), қуёшдан сақловчи кўзойнаклар, соябонлардан фойдаланиш;
организмни сувга бўлган талабини қондириш мақсадида чой, минерал сув, морс, сут маҳсулотлари (қатик, кефир ва ҳоказолар), турли хил мевалардан тайёрланган витаминли ичимликларни истеъмол қилиш, организмга салбий таъсир кўрсатадиган газланган ичимликлар, таркибида шакар миқдори юқори бўлган суюқликлар ва спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик;
шахсий ва жамоат транспортидаги ҳаракатланишларни ҳаво ҳарорати пасайгандан сўнг амалга ошириш.
Юқори ҳароратда ишловчи ходимларнинг тана харорати хаддан ташқари кўтарилиб кетиши (гипертермия)ни олдини олиш мақсадида улар учун оқилона иш вақтини белгилаш. Корхона ва ташкилотларнинг ҳусусиятини инобатга олиб, юқори ташқи ҳароратда меҳнат қилишнинг узлуксиз давомийлиги 15-20 минутни ташкил этиши ва шундан сўнг 10-12 минут танаффус эълон қилиниши тавсия этилади. Шу билан бир қаторда, иссиқлик радиациясидан ҳимояланган махсус кийимда ишлаётган шахслар учун умумий иш вақтининг давомийлиги 4-5 соатдан ошмаслиги, махсус ҳимоя кийимисиз ишлаётган ходимлар учун эса 1,5-2 соатдан ошмаслиги лозим.
Юқори даражадаги иссиқ ҳавода иссиқлик радиациясидан ҳимоя қилувчи матолардан тикилган махсус кийимлардан фойдаланиш лозим.
Организмнинг сувга бўлган талабини қондириш мақсадида ичимлик суви билан таъминлаш ишларини тўғри ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Ичимлик суви етарли миқдорда ва бевосита иш жойига яқин жойда бўлиши лозим. Шунингдек, ичимлик сувлари ва чой харорати 12 – 15°С бўлиши тавсия этилади. Терлаш оқибатида йуқотилган туз ва бошқа микроэлементларнинг ўрнини қоплаш мақсадида, минерал сувлар, таркибида ёғ миқдори кам бўлган сут-қатиқ маҳсулотлари, шарбатлар, витаминли ичимликларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво хароратининг кескин ошиши сабабли юқорида иш вақти бўйича билдирилган таклифлар тавсиявий аҳамиятга эга.
Шунингдек, аҳолининг қуйидаги омилларга эътибор беришларини сўраймиз!
Иммунитетни бир маромда ушлаб туриш мақсадида, санитария-гигиена талабларига мос равишда мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш;
имкон даражасида кун давомида душ қабул қилиш;
дўкон, кинотеатр ва бошқа дам олиш масканларига ташриф буюрилганда уларда ҳаво айланиш тизими йўлга қўйилганлигига эътибор қаратиш.