28.07.2018. Бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод маҳалла” дастури халқимизнинг турмуш даражасини ошириш ва фаровонлигини таъминлаш, бу орқали уларни ҳаётдан рози қилиш каби эзгу мақсадларга йўналтирилганлиги алоҳида эътирофга лойиқдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам “Обод маҳалла” дастури доирасидаги хайрли ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Тепагузар” маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш тадбирлари ана шундай хайрли ишлардан биридир.
Энг аввало Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари томонидан мазкур маҳалла ҳудуди обдон ўрганилди. Хонадонлар ва оилалар холидан хабар олиниб, мулоқотлар ўтказилди ҳамда уларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ва муаммолари аниқланди. Касаба уюшмалари Федерацияси фаоллари “Тепагузар” маҳалла аҳли билан ўтказилган очиқ мулоқот ва суҳбатларда, шунингдек, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш жараёнида кўп қаватли уйлар атрофида болалар майдончаларининг деярли мавжуд эмаслиги, мавжуд бўлган биттагина майдонча ҳам таъмирга муҳтож эканлигини аниқлаган эдилар. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда ушбу маҳалла ҳудудида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан катта кўламдаги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Бугун “Обод маҳалла” дастури доирасида Олмазор туманидаги “Тепагузар” маҳалласида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилаётган мана шу кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилиб, шинам ва қулай шароитларга эга 9 та болалар майдончаси, 2 та спорт майдончаси, отахон ва онахонлар учун замонавий “Нуронийлар маскани” барпо этилди.
Жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан маҳалла аҳли иштирокида ушбу иншоотларни тантанали равишда фойдаланишга топшириш тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси Шуҳрат Жалилов, “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Калонов, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов, меҳнат фахрийлари ва ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Ўзбекистон касаба уюшмалари мутасаддилари бугунги кунда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг натижалари, мазкур дастурнинг халқимиз турмуши даражаси ва сифатини оширишдаги аҳамияти хусусида алоҳида тўхталдилар.
— Мамлакатимиз миқёсида Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик ишларини кўриб бизнинг ҳам ғайратимиз жўшиб кетди, биз ҳам мана шундай хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшиш ташаббуси билан чиқдик, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев. – Аҳоли билан суҳбатлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни аниқладик. Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари томонидан оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганиш жараёнида эҳтиёжманд оилалар ҳам аниқланди. Уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Дарҳақиқат, Олмазор туманидаги “Тепагузар” маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари таҳсинга лойиқ. Хусусан, авваллари қоронғу тушиши билан одамлар юришга қийналадиган ўнқир-чўнқир кўча йўллари бугун асфальтланиб, обод қиёфа касб этди, тартибсиз ўсиб ётган дарахтлар буталиб, шакл берилдм. Кўп хонадонли уйлар атрофида аҳоли учун қулай ўриндиқ ва соябонларга эга дам олиш жойларининг барпо этилгани маҳалла аҳли кўнглини янада қувончга тўлдирди. Шунингдек, кўп хонадонли уйларнинг йўлаклари олди ва уйлар орасига 8 та замонавий ҳордиқ айвончаси, 180 га яқин ўриндиқ ва чиқинди ташлаш учун махсус идиш – урналар ўрнатилди. Кўзни қувнатувчи рангларга бўялган болалар майдончалари ва ўйингоҳлар ота-оналарнинг оғирини енгил қилди. Энди ота-оналарнинг кўнгиллари хотиржам, чунки, авваллари қаерда ўйнашни билмай юрган фарзандлари бугун барча қулайликлар ва ўйин қурилмаларига эга ўйингоҳларда бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқдалар.
Мазкур маҳаллада яшаётган нуронийлар ҳам Касаба уюшмаларининг эътиборидан четда қолгани йўқ. Уларнинг мазмунли ҳордиғини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги эски чойхона ўрнида катта кўламдаги реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шинам ва замонавий “Нуронийлар маскани” барпо этилди. Ушбу масканда кекса авлод вакилларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Бугун ушбу маскан нуроний отахонларнинг дилторлар гурунглари билан янада файзга тўлган.
Таъкидлаш лозимки, шу кунгача мазкур маҳалла ҳудудини ободонлаштириш бўйича навбатини кутаётган муаммолар талайгина эди. Қарийб 5 минг 300 нафар аҳоли истиқомат қилаётган 27 та кўп хонадонли уй атрофида ҳудудни тартибга келтириш, замонавий болалар майдончаларини қуриш, маҳалла ҳудудини тўпланиб қолган чиқиндилардан тозалаш, ирригация тармоқлари, хусусан, ариқларни чиқиндилардан тозалаб, сув йўлларини очиш, дарахтларни суғориш учун ер ости сув тармоғини тортиш зарурати мавжуд эди.
Касаба уюшмаларининг ташаббускор фаоллари “Тепагузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини обод этиш мақсадида катта кўламдаги ишларни амалга оширдилар. Хусусан, улар томонидан 27 та кўп хонадонли уй атрофини ҳамда 1700 погон метрга яқин ирригация тармоқлари, яъни ариқ ва зовурларни тозалаш ишлари амалга оширилиб, ариқлардаги сув йўллари очилди. Бетартиб ўсган 4 мингга яқин дарахт шохлари буталаниб, шакл берилди ва оқланди. Турар-жойлар атрофини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш жараёнида ҳудуд 150 тоннадан зиёд чиқиндилардан тозаланди. Шунингдек, ўнқир-чўнқир ер майдонлари текисланиб, ўтлар ўрилди. Ушбу ишларни тезкорлик билан амалга ошириш мақсадида 10 дан ортиқ юк ташуш ва сув сепиш машиналари, бир нечта кўтарма кранлар, электр арра ва бошқа техник воситалар жалб этилди.
– Авваллари, болаларимизни ўйнатиш учун жой тополмай овора эдик. Маҳалламизда болалар майдончаларининг қурилиши нафақат фарзандларимиз, балки биз, ота-оналар учун ҳам катта совға бўлди, – деди дилидаги ҳурсандчилигини яшира олмай мазкур маҳалладаги 11-уйда яшовчи кўп болали она Наталья Давидова. – 5 нафар фарзандим бор, тақдир тақазоси билан уларни ёлғиз тарбияламоқдаман. Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари маҳалламиз аҳолисининг эҳтиёжларини ўрганишди, шу жумладан менинг хонадонимга келиб оиламнинг ижтимоий-маиший аҳволи, бизни қийнаётган муаммолар билан қизиқиб, бизга катта амалий ёрдам кўрсатдилар. Хусусан, бизнинг оиламиз эҳтиёжидан келиб чиқиб, бугун замонавий музлатгич ҳадя этдилар. Авваллари маҳалламизда болалар майдончалари йўқлиги боис фарзандларимизни қаерда ўйнатишни билмасдик. Бугун эса фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ, улар учун касаба уюшмалари томонидан турли ўйин қурилмалари ўрнатилган замонавий болалар майдончалари, спорт билан шуғулланишлари учун бадминтон майдончаси қуриб берилди. Бундан фарзандларимиз ҳам, биз оналар ҳам жуда мамнунмиз. Халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган мана шундай эзгу ва хайрли ишлар учун Давлатимиз раҳбарига ва мана шу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшаётган барча-барчага раҳмат айтамиз. Биз доим шаҳримиздаги бошқа тоза ва озода масканларга ҳавас қилардик, энди бизнинг маҳалламиз ҳам худди ўша маҳаллалардек обод бўлганидан беҳад ҳурсандмиз.
— Қисқа вақт ичидаги бундай катта ўзгаришлардан маҳалламиз аҳли жуда мамнун, — дейди “Тепагузар” маҳалласи фаоли, фахрий педагог Шукриниса ая Муслимова. — Бугун “Тепагузар” маҳалласи янги қиёфа касб этиб, обод бўлди. Айниқса, дам олиш айвончалари, болажонлар учун қуриб берилган ўйингоҳлардан аҳоли мамнун. Биз эса мана шу яратиб берилаётган шароитларни қадрига етиш, қуриб берилган дам олиш масканларини кўз қорачиғидек асраш, мана шу ўгитларни ёш авлод онгига сингдиришимиз зарур.
– Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ҳудудларни обод этиш йўлидаги кенг кўламли ишлар тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан ёзишга лойиқдир, – деди “Тепагузар” маҳаллси фаоли, Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, профессор Хайдарали Орипов. – Чунки ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолаётгани йўқ. Шунингдек, эътибор ва ғамхўрликлар мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросигача, ҳар бир оилагача етиб бормоқда. Ҳар бир ҳудуд, туман ва шаҳарлар, чекка қишлоқларда амалга оширилаётган бу каби катта кўламдаги ўзгаришлар, янгиланиш ва бунёдкорликлар яқин орада бўлмаганди. Мана шу тизимли ишларнинг барсаси халқимиз турмуш даражасини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Тантанали тадбир давомида “Тепагузар” маҳалласида истиқомат қилаётган 30 га яқин эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилани моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 17 та оилага кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, яъни газ плитаси, телевизор ва музлатгичлар топширилди. Кам таъминланган оилалардан бўлган 5 нафар фуқарога Касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлаши учун бепул йўлланмалар берилди. 3 та кам таъминланган оила фарзандларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиб, соғломлаштирилиши учун йўлланмалар топширилди. 13 нафар тиббий ёрдамга муҳтож фуқарога эса ногиронлик аравачаси, зарур дори-дармонлар, протез-ортопедик воситалари топширилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини ошириш ва фаровон этиш, улар учун қулайликлар яратиш, бу орқали халқимизнинг бугун яхши яшашини таъминлашдек эзгу мақсадларга йўналтирилган. “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар эса маҳаллаларнинг обод бўлишини таъминлабгина қолмай, кўнгилларга илиқлик бахш этиб, одамларнинг хуш кайфиятда ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминламоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати