[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

29.08.2018. «Ўзметмашсаноат» тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан сўнгги вақтларда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришлар, солиқ ва пенсия тизимидаги янгиликларга бағишлаб семинар ташкил этилди. Унда барча тармоқ касаба уюшма ташкилотлари вакиллари, тармоқ касаба уюшма қўмиталари раислари ва бош ҳисобчилари иштирок этди.

Тадбирда давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси доирасида пенсия тизими ҳамда янги солиқ тизимидаги ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳақи бўйича бўладиган ўзгариш­лар хусусида сўз юритилди.
– Пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясида кўзда тутилган 13 хил кўринишдаги ислоҳотларнинг 8 тасида фақатгина фуқароларнинг пенсия миқдорини ошириш, якка-ёлғизлар, 3-гуруҳ ногиронларига пенсия тайинлаш, ишловчи пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш ва бошқалар назарда тутилган. 3 турдаги механизм билан пенсияда қўлланиладиган имтиёзларни бекор қилиш, пенсия жамғармаларига суғурта бадалларини тўлаш тизимини жорий этиш орқали пенсия жамғармаси даромадларини ошириш, 2 та турдаги механизм билан эса пенсия ёшини ва иш стажини ошириш орқали пенсия жамғармасининг харажатларини камайтириш кўзда тутилган, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Шаропов.
Семинарда концепция доирасидаги меҳнат миг­рациясида норасмий меҳнат билан шуғулланаётган фуқаролар учун мажбурий тиббий-ижтимоий суғурталаш ишини жорий этиш, чет эл ваколатхоналарида мигрантлар учун маслаҳат марказларини ташкил этиш ва уларни қонунчиликдаги ўзгаришлардан SMS орқали хабардор қилиб бориш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқиш борасида ҳам фикр юритилди. Бундан ташқари, пенсия ­дастурий таъминотини модернизация қилиш, индивидуал жамғариб бориладиган пенсия тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий суғурта тизимида фуқароларнинг ихтиёрий иштирокини таъминлаш, меҳнат дафтарчасини электрон дафтарча тизимига ўтказиш, имтиёзга сабаб бўлувчи омилларни ҳисобга олиш мушкул бўлган имтиёз турларини компенсацияга айлантириш сингари пенсия тизимидаги барча долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Давлат солиқ қўмитаси бош инспектори Комил Саи­дов мавзуни давом эттириб, янги солиқ тизимида ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳақи бўйича бўладиган ўзгаришлар, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясидан кўзда тутилаётган асосий мақсад ва вазифаларга атрофлича тўхталди.
Концепциядан қуйидаги натижалар кутилмоқда:
Иш ҳақи ва аҳолининг реал даромадларини ошириш.
Бизнесни хуфиёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш.
Солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасида ишчанлик муносабатининг шаклланиши.
Солиқ тизимининг шаффофлиги.
Солиқ тўловчилар учун харажат ва оворагарчиликнинг олдини олиш.
Солиқларни ҳисоблаш ва тўлашда соддаликка эришиш.
Эндиликда тадбиркорларга бизнес маслаҳатчи сифатида солиқларни ҳисоб­лаш, ҳисоботларни тўлдириш, ўқитиб, малакасини ошириш ишларида кенг сервис хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Солиқ-сервис» номли давлат-унитар корхонаси ташкил қилиняпти. Ҳар бир инспекция таркибида битта ходим алоҳида сервис хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади.
Семинарда маърузачиларга қатнашчилар томонидан жуда кўп саволлар, таклифлар билдирилди. Муҳокама, мунозаралар асносида солиқ ва пенсия соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳияти фуқароларнинг барча тоифаларини бирдек ижтимоий ҳимоялашга қаратилганига аниқлик киритилди. Айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган имтиёзларнинг сақлаб қолиниши, имтиёзларни бекор қилиш фақат самарасиз имтиёзларгагина тааллуқли экани таъкидланди.