30.08.2018. Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг 27 йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида диёримизнинг ҳар бир ҳудудида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилиб, туркум тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, байрам арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” ижтимоий акцияси доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Республикамиз Мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилиб, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган 272 нафар ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар идоралари ходимлари оилаларига ташриф буюриб, уларни байрам билан қутладилар ҳамда манзиллий моддий ёрдамларни етказдилар. Кам таъминланган, кўп болали, чекка ҳудудларда яшаётган ва ёш оилалардан бўлган 100 нафарга яқин ишловчи аёллар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлаши учун бепул йўлланмалар билан таъминланди.
Шунингдек, меҳнат жамоаларида “Мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг аҳамияти”, “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” мавзусидаги “Маънавият соатлари”, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларда меҳнаткашлар, айниқса, ёшларга бугунги кунда Президентимиз ташаббуслари билан халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадида барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти ва натижалари ҳаётий мисоллар орқали етказилмоқда. Тадбир иштирокчилари тинч ва осуда ҳаётимизга, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка бўлган шукроналик туйғуларини изҳор этмоқдалар.
Байрам муносабати билан касаба уюшма фаоллари эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий қўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, ҳудудлардаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчиларга хомийлик ёрдамлари амалга оширилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 40 минг нафардан ортиқ турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз ва эҳтиёжманд оилалардаги кексалар учун Бухоро, Самарқанд, Хива ва Тошкент шаҳарларига саёҳатлар уюштирилмоқда. Бу каби саёҳатлар байрам кунлари ҳам давом эттирилади.
Касаба уюшмалари томонидан мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар ва ижтимоий акциялар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туманлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида ҳам ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири – Касаба уюшмалари Федерациясининг “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” номли ижтимоий акцияси Тошкент шаҳри миқёсида ҳам ўтказилиб, унинг доирасида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимларининг оилаларига ташрифлар уюштирилди. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига касаба уюшмалари Федерациясининг манзилли ёрдамлари етказилди ҳамда байрам совғалари топширилди.
Хусусан, касаба уюшма фаоллари пойтахтимизнинг Миробод туманида истиқомат қилган, ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган марҳум ҳарбий хизматчи Раҳимжон Тўлаганов оиласида бўлиб, унинг яқинлари, оила аъзолари билан дилдан суҳбат қурдилар. Суҳбат чоғида Ватан олдидаги бурчини мардларча адо этиш вақтида жон фидо қилган ушбу довюрак ўғлоннинг ўқувчилик, ўсмирлик ва талабалик йиллари, хизмат давридаги ютуқлари ҳурмат билан хотирланди. Марҳум ҳарбий хизматчи оиласига касаба уюшмалари Федерациясининг манзилли моддий ёрдами топширилди.
Шундан сўнг касаба уюшма фаоллари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида фаолият кўрсатган ва хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар – Бахтиёр Мақсудов ва Зуҳриддин Соатқуловнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзолари билан биргаликда мард ўғлонларнинг фидокорона хизматларини хотирладилар. Марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари байрам билан қутланиб, касаба уюшмалари томонидан моддий қўллаб-қувватланди ҳамда совғалар топширилди.
Касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” ижтимоий акцияси Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ўтказилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати