14.09.2018. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқаруви академиясида Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни талабларининг бажарилиши юзасидан Давра суҳбати ўтказилди.
Унда 80 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ҳамда касаба уюшма аъзолари иштирок этдилар. Шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мутахассислари томонидан соҳада амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, галдаги вазифалар муҳокама этилди.
Хусусан, Давра суҳбати давомида корхона, ташкилот ва муассасалардаги жамоа шартномаларида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш масаласида эътиборни янада кучайтириш, назарда тутилган икки тарафлама мажбуриятларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битим тадбирларини ўз вақтида, тўла бажарилишини таъминлашда томонлар масъулиятини оширишга эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 июндаги 177-сонли қарори билан тасдиқланган “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Қоидалари” талабларига мувофиқ корхона ходимларини бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлардан мажбурий суғурта қилиш, меҳнат вазифасини бажараётганда боқувчисини йўқотган оила аъзоларига, шикастланган ёки касб касалликларига чалинган ходимларга тўланадиган зарар пулларини ўз вақтида ва тўла ҳажмда тўлаш юзасидан жаоматчилик назоратини ўрнатиш, ходимларни чиқимдор бўлмаган ҳолда бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, соҳада жонбозлик кўрсатаётган ходимларни мунтазам равишда моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш масалалари кенг ёритиб берилди.
Суҳбат давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати