[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

12.10.2018. Бугунги кунда мамлакатимизда пахта терими мавсуми давом этмоқда. Пахта йиғим терими мавсумида теримчиларга етарли шарт-шароитларни яратиш, уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ишларининг қай даражада ташкил этилганлиги бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоат назорати олиб борилмоқда.

Шу мақсадда куни кеча касаба уюшмалари мутахассислари пахта йиғим-теримида қатнашаётган теримчилар учун яратилган шароитларини комплекс ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятининг Арнасой туманида бўлиб, тумандаги Улуғбек, Б.Файзиев, Қозоғистон, Мустақиллик, Хоразм номли Сув истеъмолчилари уюшмаларининг пахта далаларида теримчиларга яратилган шароитларни ўргандилар.

Теримчилар, отряд раҳбарлари ва фермерлар билан мулоқот натижасида теримчиларнинг ичимлик суви билан узлуксиз равишда таъминланганлиги, уларга 2 маҳал етарли калориядаги иссиқ овқат берилиши ташкил этилганлиги ҳамда ҳар кунлик иш ҳақлари ўз вақтида бериб борилаётганлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга айрим жойларда меҳнат ва яшаш шароитларининг минимал меъёрларига амал қилинмаётгани ҳам маълум бўлди. Хусусан, ошхона ва овқатланиш жойларининг талаб даражасида ташкил этилмаганлиги, ювиниш жойлари, душхоналар ва хожатхоналарнинг керакли меъёрда ташкил этилмаганлиги, аёллар гигиенаси хонаси мавжуд эмаслиги аниқланди.

Касаба уюшмалари мутахассислари томонидан аниқланган барча камчиликликлар тўғрисида фермерга ҳамда отряд раҳбарига тегишли тавсиялар берилиб, камчиликларнинг деярли 90% фоизи жойида бартараф этилди.

Қолган камчиликлар юзасидан вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилди.