23.10.2018. Фарғона вилоятида Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан «Ўз касбининг моҳир эгалари» танловининг тармоқ бўйича республика босқичи ўтказилди.
Тадбирда барча ҳудудлардан металлургия ва машинасозлик саноати тармоқларида меҳнат қилаётган 70 нафардан зиёд касб эгалари ва касаба уюшма фаоллари иштирок этди.
Танловда кўп йиллик тажриба, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, ички меҳнат тартиб-қоидаларига амал қилиш, соҳани ривожлантириш йўлидаги изланувчанлик, ташаббускорлик, эришилган ютуқлар, яратилган янгиликлар, ёшларга касб сир-асрорларини ўргатиб, шогирдлар тайёрлаш, меҳнат жамоаси орасидаги обрў-эътибор, жамоатчилик ишларида фаол иштирок каби жиҳатлар эътиборга олинди.
Иш фаолияти, эришилган ютуқлар ва татбиқ этилган инновацион лойиҳалар тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди.
Махсус комиссия хулосасига кўра, металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари тизимидаги 12 нафар ўз касбининг моҳир эгалари Республика кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, тармоқ бўйича ғолиблар танловнинг якуний Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Тадбир сўнгида кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Шодия АЮПОВА,
Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси
***
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган ўз касбининг моҳир эгаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
– Мақсадимиз – меҳнаткашларнинг фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш орқали уларнинг касб маҳорати ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган ижтимоий фаолиятига кенг йўл очиб беришдир, – дея таъкидлади бирлашма кенгаши раиси Равшан Жабборов. – Айни пайтда «Устоз-шогирд» анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда тажрибали касб эгаларига ёш мутахассисларни бириктиришга эътибор қаратмоқдамиз.
Танловнинг биринчи босқичида 1171 та корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган турли касб эгалари бўлган 3391 нафар номзод иштирок этганлигининг ўзиёқ танлов нуфузи муттасил ортиб бораётганидан далолатдир. Туман, шаҳар босқичларида 864 та ташкилотдан 1328 нафар номзод кўриб чиқилди ва вилоят босқичига 208 нафарининг ҳужжатлари тақдим этилди. Улардан 30 нафари саралаб олинди.
Дилором Юсупова ўн уч йилдан буён Урганчдаги санъат коллежида анъанавий хонандалик йўналиши бўйича таълим беради. Ўтган давр мобайнида қирқдан зиёд шогирдлар тайёрлади. Уларнинг аксарияти кейинчалик Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олди. Айримлари хонанда сифатида элга танилган бўлса, айримлари умумтаълим мактабларида ёшларга мусиқа илмидан сабоқ бермоқда.
– Касаба уюшмалари томонидан меҳнатимизнинг эътироф қилиниши бизни янги ютуқларга чорламоқда, – дейди Д.Юсупова. – Мусиқий салоҳиятга эга ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш йўлида бор билим ва маҳоратимни сарфлаш ниятидаман.
Бундай фикрларни меҳнатлари муносиб баҳоланган касб фидойиларининг барчасидан эшитиш мумкин. Хусусан, Хоразм вилояти ИИБ қўриқлаш бошқармаси ходими Бекмурод Усмонов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиали невропатолог шифокори Гулбаҳор Изюмова ва бошқалар ҳар бир мутахассис ҳалол меҳнати орқали юрт равнақига ҳисса қўшиши лозимлиги шартлигини айтишди.
Ўз касбининг моҳир эгалари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.