26.10.2018. Президентимиз жорий йилнинг 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида Тошкент шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, аҳоли турмуш шароитидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида устувор вазифаларни белгилаб берган эди. Бунда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этишда жамоатчилик ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилганди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик комиссияси ва унинг қошида фаолият кўрсатувчи 4 та ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Жамоатчилик комиссияси томонидан жорий йилнинг 15 августидан 12 сентябрига қадар Шайхонтоҳур туманидаги 49 та, 19 сентябрдан 12 октябрга қадар эса Олмазор туманидаги 58 та маҳаллада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар, фуқаролар мурожаатлари ўрганилди. Ишчи гуруҳлар маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, мавжуд ҳолат бўйича аниқланган маълумотларни комиссия эътиборига ҳавола этди.
Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ўтказилган мулоқотлар, амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган якуний йиғилишда бажарилган ҳамда бажарилиши белгиланган вазифалар таҳлил қилинди.
Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, вазирлик ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Республика, шаҳар ва туман миқёсида ҳал этилиши керак бўлган муаммолар Жамоатчилик комиссияси йиғилишида муҳокама этилди.
Ўтган даврда аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарийб ярим миллиард, жамоат ташкилотлари ҳамда ҳомийлар 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратди. Кўплаб эҳтиёжманд оилаларга ёрдам берилди, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги камчиликлар бартараф этилмоқда, бир нечта спорт майдончалари барпо этилди, кутубхоналар учун китоблар харид қилинди. Уй-жой ва йўл қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга ҳали ечимини топмаган муаммолар ҳам йўқ эмас.
Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг қайд этишича, туманда 4 та умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш, 6 та мактабни реконструкция қилиш, «Мискин», «Мойариқ», «Гузарбоши» ҳамда «Хастимом» маҳаллаларида янги мактаб қуриш зарурати бор. 29 та мактабгача таълим муассасасини мукаммал таъмирдан чиқариш, 10 тасини реконструкция қилиш, 6 та маҳаллада янги болалар боғчаси қуриш керак. Бу масала бўйича тегишли ташкилотларга вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, туманда янги поликлиника қуриш, мавжудларини кенгайтириш масаласига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эътибори қаратилди.
Шайхонтоҳур туманида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари камлиги, айрим маҳаллаларда умуман йўқлиги аниқланган. Айрим маҳаллаларда сув ва газ таъминотида узилишлар мавжуд. «Сузукота» маҳалласида қурилаётган уйларни битказишдаги ишлар суст кетаётгани хусусида фуқаролар шикояти тингланди. Унга масъулларнинг эътибори қаратилиб, муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.
Умуман олганда, ҳар икки туманда аниқланган муаммоларни маълум муддат ичида ўрганиб чиқиш, масалага ечим топиш масалалари бўйича ҳокимликлар ва мутасаддилар зиммасига тегишли вазифалар юкланди.
Мулоқотлар давомида фуқаролар кўплаб муаммолари ечим топгани учун Жамоатчилик комиссиясига миннатдорликларини изҳор этишди.
Умуман олганда, Жамоатчилик комиссияси мазкур туманларда амалга оширилган ва амалга оширилаётган ишлар бўйича якуний учрашув чоғида мутасаддиларнинг халқ олдида батафсил ахборот беришига эришди. Бу муаммоларнинг қоғозда эмас, балки амалда бажарилганидан далолатдир.