[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

29.10.2018. Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов ярим асрдан буён одамлар ташвишини ўз ташвишларидан устун қўйиб, катта ҳаётий тажриба тўплаган фидойи инсон. Касаба уюшмаси соҳасидаги меҳнат фаолиятини 1966 йилда Қарши политехника билим юрти ёшлар қўмитаси етакчилигидан бошлаган ёш мутахассис бир қанча ташкилотларда ишлаб, ­тажриба орттирди. 1989 йилда Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раислигига сайланган ташаббускор ва ташкилотчи бу инсон касаба уюшма фаолиятини умр мазмунига айлантирган. Шогирдларига «Касаба уюшма мактаби — ҳаёт мактаби демакдир. Унинг сабоқларини халқ ичида юриб, ҳаёт мактабидан олганман десам, асло муболаға эмас», дея фахр билан таъкид­лашни хуш кўрадиган бу фидойи инсон билан суҳбатимиз узоқ давом этди.

– Жамоанинг касаба уюшма қўмитаси раисини қўллаб-қувватлаши, унга тўлиқ ишонч билдириши, яқин дўсти сифатида суяниши кўпроқ нимага боғлиқ?
– Раис жамоасини севиши, ҳар бир ходимнинг оилавий аҳволи, соғлиги, муаммоларидан хабардор бўлиши, уларнинг ечимини топишда жонкуяр бўлмоғи лозим. Зарурат туғилганда иш берувчи билан ходим манфаати йўлида кураша олиши ҳам талаб этилади. Бирор кишини бош­ланғич касаба уюшма қўмитаси раислигига тавсия қилишда унинг ўзига бўлган ишончига алоҳида эътибор қаратиш керак.
– Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятида қандай камчилик ва нуқсонлар бор?
– Дарҳақиқат, касаба уюшма фаолиятини бошланғич касаба уюшма ташкилотларисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Касаба уюшмаси бошланғич касаба уюшма ташкилотидан шаклланади. Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари раҳбар билан ижтимоий шерикчилик асосида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиши зарур. Бу меҳнат унумдорлиги ошишининг асосий шартларидан бири. Худди шу каби ижтимоий ҳамкорлик «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ, «Муборакнефтгаз» МЧЖ, «Шўртангазкимё мажмуаси» МЧЖ, «Шўртаннефтгаз» МЧЖ, «Косон ёғ-экстракция заводи» АЖ, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси каби бир қанча ташкилотларда намунали йўлга қўйилган.
Гуруч курмаксиз бўлмагани каби айрим бошланғич ташкилотлар, масалан, вилоят «Агрокимёҳимоя» АЖ ва вилоят «иссиқлик манбаи» каби ташкилотларда касаба уюшма қўмитасининг фаолияти қониқарсиз. Бу корхоналарда ходимларнинг иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик ошиб кетгани ана шу салбий омилга ҳам боғлиқ бўлгани ғоят ачинарлидир.

– Бундай ҳолатлар касабақўм раисига боғлиқми ёки корхона ва ташкилотнинг молиявий имкониятига?
– Касаба уюшмасининг фаолияти биринчи галда унинг раисига боғлиқ. Корхонанинг молиявий имконияти ва юқори ташкилот раисининг қаттиққўллиги ҳам кўп нарсани белгилаб беради. Чунки юқори ташкилот раҳбари назорат қилиб турмаса, бош­ланғич касаба уюшма ташкилотининг фаолияти назоратдан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас.
– Ўтказилаётган чора-тадбирлар натижасида вилоятда иш жараёнида содир бўладиган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалиниш ҳолатлари сони тобора камаймоқда. Корхона ва ташкилотлардаги меҳнат муҳофазаси қандай йўлга қўйилган? Яна нималар қилиш зарур?
– Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017 – 2019 йиллар учун тузилган Бош келишув ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини, шу билан биргаликда, уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш ва хавфсиз иш ўринларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга асосан вилоятимиздаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат шароитларини баҳолаш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ходимлар билим даражасини ошириш ва меҳнат муҳофазаси тарғиботи таъсирчанлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
2018 йилнинг ўтган даври мобайнида жамоатчилик назорати доирасида 160 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси ҳолатлари ўрганилиб, ушбу йўналишда 633 та меҳнат муҳофазасига оид қоидабузарликлар аниқланди ва 571 та камчилик бартараф этилди. Бундан ташқари, жойлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйи­­ча жамоатчи вакиллар томонидан аниқланган 1368 та камчилик бевосита ўз вақтида тузатилди.
Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларга хавфсиз ва соғлом иш шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида иш берувчилар билан касаба уюшмалари ўртасида тузилган жамоа шартномаларига асосан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 40 мингга яқин тадбир ташкил этилди.
– Бандлик, янги иш ўринларининг ҳаққонийлиги касаба уюшмалари томонидан мониторинг қилинмоқда. Бу борадаги аҳвол қандай?
– Маълумки, касаба уюшмалари меҳнат бозорида юз бераётган жараёнларни ҳисобга олган ҳолда фуқароларнинг меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиниш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга ­кўмаклашишлари шарт. Бироқ айрим тармоқ касаба уюшмалари шаҳар, туман кенгашлари томонидан янги иш ўринлари ҳаққонийлигини мониторинг қилиш бўйича камчилик­лар мавжуд. Хусусан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, соғлиқни сақлаш, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси туман, шаҳар кенгашлари фаолиятида мазкур камчиликларнинг тез-тез учраб тургани ташвишланарлидир.
Ходимларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим. Ана шунда яширин ишсизлик ҳолатлари, банд қилинган иш ўринларига фуқароларни жойлаштириш бўйича сусткашлик ҳолатларига чек қўйилади.
– Узоқ йиллар мобайнида ёшлар ташкилотларида ишлагансиз. Президентимиз ёш авлод вакилларидан кўп нарса кутяпти. Бирлашма кенгаши қошида тузилган Ёшлар бирлашмаси фаолияти самарадорлигини оширишда қандай таклиф ва ташаббусларни илгари сурасиз?
– Ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши билан келишган ҳолда «Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг 2018 йилда ёшларга оид сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури» қабул қилинди.
Мазкур дастурга асосан жойларда муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Аммо Ёшлар бирлашмасининг фаолиятини қониқарли дейишга ҳали эрта. Бунга Ёшлар бирлашмаси билан мунтазам иш юритадиган бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида тузилган ёшлар билан ишлаш комиссиялари номига тузилгани, ташкилот раҳбарларининг ушбу комиссия фаолиятига жиддий эътибор бермаётгани, ёшларнинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун моҳиятини тўла англаб етмаётгани сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Ёшлар бирлашмасининг фаолиятини янада яхшилаш мақсадида тизимли, аниқ чора-тадбирлар асосида мунтазам равишда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритадиган ёшлар билан учрашувлар ташкил қилиш керак. Тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантириш, ёшларни бирлашма фаолиятига кенгроқ жалб этиш зарур. Бундан ташқари, Ёшлар бирлашмаларининг раисларига жойларда меҳнат қиладиган ёшларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча ваколат ва имтиёзлар бериш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшларга оид сиёсати Концепцияси ва Низомига ўзгартиришлар киритиш лозим, деб ўйлайман.
– Вилоятда болаларни ёзги дам олдириш бўйича ижобий ишлар етарли. Болаларни стационар шароитда соғломлаштириш бўйича амалга оширилган тадбирлар бунинг исботи. Бундан ташқари, вилоятда ҳомийлар кўмагидан ташқари ички имкониятлардан оқилона фойдаланиб, қўшимча даромад топаётган оромгоҳлар ҳам бор. Уларнинг иш тажрибасини таҳлил қилиб, яна қандай таклифлар ва тавсиялар берар эдингиз?
– Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси 15 йилдан буён вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда болаларни ёзги дам олиш мавсумида асосан стационар тартибда соғломлаштириб келмоқда. Болажонларимизнинг гўзал тоғлар бағрида, сўлим табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқаришига нима етсин! Оромгоҳларни кенгайтириш, янги ётоқ корпуслари қуриш орқали вилоятимизда ҳар йили 27-28 минг нафар ўғил-қиз стационар оромгоҳларда дам олдирилмоқда.
Бундай масъулиятли вазифани амалга ошириш учун вилоятимиздаги 18 та оромгоҳ барча талабларга жавоб бера оладиган даражада таъмирдан чиқарилди. Оромгоҳларнинг ҳомийлар қўлига қараб қолиши ёки ёзги мавсум давомида ишлаб, қолган пайт­ларда дарвозасини қулф­лаб қўйиши мумкин эмас.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, оромгоҳларга сервис соҳасини ривожлантириш орқали қўшимча даромад топиш, ўз навбатида, аҳоли эҳтиёжларини қондиришга ҳам хизмат қилиш лозимлиги тўғрисида тавсия берганмиз. Натижада, бугун аксарият оромгоҳларимизда бир неча турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Масалан, Яккабоғ туманидаги Мирзо Улуғбек номли оромгоҳда болаларни дам олдириш мавсуми давомида деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари шу ернинг ўзида етиштирилди. Сут, гўшт ва балиқ маҳсулотлари ҳам сотиб олинмайди. Бу эса болаларни дам олдириш таннархининг арзон бўлиши билан бирга, уларни сифатли маҳсулотлар билан овқатлантириш имконини бермоқда.
Шаҳрисабз туманидаги Беруний номли оромгоҳ шаҳар марказида жойлашгани сабабли бу ерда меҳмонхона ҳамда маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш каби хизматлар йўлга қўйилган. Оромгоҳ ўтган йилда 65 миллион сўмлик қўшимча даромад олган бўлса, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида бу кўрсаткич 252 миллион сўмга тенг бўлди.
Бу каби мисолларни вилоятимиздаги «Истиқлол ғунчалари», «Лочин», «Ёш кимёгар», «Ёш алангачи», «Ниҳол», «Шўртан қалдирғочи», «Зебинисо» каби ўнлаб оромгоҳларимиз фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
– Ҳуқуқий ҳимоя – касаба уюшмаларининг энг асосий йўналиш­ларидан бири. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига шу йилнинг ўтган даврида 207 та ёзма, 4 та оғзаки, 29 та электрон, 216 та «Ишонч телефони» орқали мурожаат келиб тушган. Бундан ташқари, «Халқ қабулхонаси»да 81 та мурожаат қайд этилган.
Ушбу мурожаатлар бўйича қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 57 та тақдимнома киритилиб, 769 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди ва 193 миллион 723 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи ҳамда бош­­қа тўловлар ундириб берилди.
Ҳозирги кунда айрим иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилиги талаб­ларини етарлича билмаслиги оқибатида ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, ишдан ноҳақ бўшатилиши, интизомий жазо чораларининг нотўғри қўлланиши, иш ҳақини ўз вақтида ололмаслик, ходимнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказиб қўйилиши, йиллик меҳнат таътилларининг ўз вақтида берилмаслиги каби ҳолатлар учраб тургани афсусланарлидир.
– Касаба уюшмаларининг нодав­лат сектори ходимларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси борасидаги фаолияти қониқарлими? Бу йўналишда сезиларли ўсишлар бўлиши учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Таҳлилларга эътибор қаратсак, 2016 йилда 16362 нафар, 2017 йилда 15442 нафар, 2018 йилнинг 1 октябрь ҳолатида 18829 нафар ходим касаба уюшма аъзолигига жалб этилган.
Вилоятимизда янги ташкил этилаётган хусусий корхоналар, фирмалар, фермер хўжаликлари, оилавий корхоналар, чет эл инвестициялари киритилган қўшма корхоналарда меҳнат қилаётган ходимларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу ўринда иш берувчи ва ходимлар вакили сифатида касаба уюшма ташкилоти ўртасида жамоа шартномалари имзоланиб, ходимлар касаба уюшма ҳимоясига олинаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Нодавлат сектор ходимларининг касаба уюшма қўмитаси ёрдами ва имтиёзларидан баҳраманд бўлаётгани эса янада қувонарлидир. Масалан, яқинда бўлиб ўтган спорт тадбирларида нодавлат секторига мансуб «Яккабоғ воҳа текс» корхонаси, «Nasaf travel» меҳмонхонаси ва бошқа ташкилотларнинг спортсевар ходимлари совринли ўринларни қўлга киритишди. Ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш бўйича ҳам салмоқли ютуқлар бор. Келгусида бундай тадбирлар кўламини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.

P.S: Ҳар бир инсон меҳнат туфайли халқ ва жамоа ўртасида обрў-ҳурмат топади. Ватани ва элини севган халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўя олган фидойи инсонлар бор экан, юртимизда юксалиш жараёни жадаллашаверади.

Суҳбатдош: 
Акмал АБДИЕВ