[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.11.2018. Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, ходимлар билан суҳбатлашганимизда, ташкилот касаба уюшма қўмитаси раиси Кенжа Худойберганов ҳақида кўплаб самимий фикрларни эшитдик. 2098 нафар аъзонинг ҳар бири эътибор ва ғамхўрликдан мамнун. Бирлашмада меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя қилинаётганига ҳам гувоҳ бўлдик.

Мана, юқумли касалликлар бўлими кичик тиббиёт ходими Муҳайё Эшчонова уч фарзандни ёлғиз катта қиляпти. Касаба уюшма унга мунтазам равишда ёрдам қўлини чўзиб келади. Иш берувчи ҳам жамоа шартномаси асосида кўмагини аямаяпти. Яна бир эҳтиёжманд оила соҳибаси Шарофат Собирова «Бўстон» санаторийсида бепул дам олди.
Касабақўмнинг ўзи эса ҳамкасбларининг ютуқлари билан таништиришга шошилди.
– Кейинги йилларда тиббиёт бирлашмамиз фаолияти тубдан яхшиланмоқда, – дейди у бизни бўлимлар томон бошларкан. Йўл-йўлакай у киши бирлашма 165 518 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиши, туман аҳолиси соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида 347 ўринли стационар бўлимлар, бир сменада 380 қабулга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника ва 1130 қабулга мўлжалланган 10 та оилавий поликлиника фаолият кўрсатаётгани ҳақида сўзлаб берди. Бу йил бирлашманинг юқумли касалликлар бўлими реконструкция қилинди. Келгуси йилда асосий бинолар ва туғуруқ мажмуаси таъмирдан чиқарилиши режалаштирилган.
Нафақат бирлашманинг ўзи, балки чекка қишлоқлардаги оилавий поликлиникаларда ҳам ходимлар учун муносиб иш шароитлари яратиш масаласи иш берувчи ва касаба қўмитаси диққат марказида. Бу йил «Обод қиш­лоқ» дастури доирасида иккита қиш­лоқ оилавий поликлиникаси реконструкция қилингани шифокор-у ҳамширалар учун ҳам, аҳоли учун ҳам қулайликлар кўламини кенгайтирди.
Нодавлат секторни касаба уюшмасига жалб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётир. Тасарруфга олинган нодавлат ташкилотлар сони 12 тага етди. Тиббиёт бирлашмасида ҳам, ­нодавлат секторда ҳам ходимлар учун етарли иш шароитлари яратилгани назорат қилиб борилмоқда. Дам олиш шароитлари яхшиланяпти. Тиббиёт бирлашмасининг маънавият хонаси касаба уюшма ташаббуси билан янги жиҳоз ва кўргазмали материаллар билан ­бойитилди. Йилнинг ўтган даврида турли мавзуларда 33 та маънавият соатлари ташкил қилинди. Касаба уюшма кутубхонаси ташкил қилиниб, уни янги бадиий ва илмий адабиётлар билан бойитиш чоралари кўрилмоқда.
Тиббиёт ходимларини спортга жалб қилиш орқали соғломлаштириш яна бир муҳим жиҳатлардан. Кўп тармоқли поликлиника мудири Одилбек Маткаримов бошчилигида футбол жамоаси ташкил қилинган. Қўшни туман тиббиёт бирлашмалари билан дўстлик учрашувлари уюштирилиб келинмоқда. Спортсевар аёлларга эса туғруқ мажмуаси катта ҳамшираси Иқбол Исмоилова етакчилик қилади. Касаба уюшмаси томонидан волейбол, теннис, шахмат-шашка мусобақалари тез-тез ташкил қилинади. Уларда аёллар доим фаол иштирок этмоқда.
Моддий-маънавий рағбатлантириш ҳам ўз ўрнида. Бу йил олти нафар ишчига велосипед олиб берилди. Ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан олти нафар, касаба уюшма бюджетидан 29 нафар ходим санаторийларда соғломлаштирилди. Уларнинг уч нафари меҳнат фахрийлари. Қолаверса, касаба уюшма кўмагида 10 нафар ходим яқинларини санаторийларда дам олдиришга муваффақ бўлди. 10 нафар ҳамширанинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳати уюштирилди. 45 нафар ходим Нукусдаги Савицкий номидаги музейни томоша қилиб қайтди. 62 нафар эҳтиёжмандга моддий ёрдам берилди. Касаба уюшма фаолларидан 246 нафари рағбатлантирилди. 18 нафар пенсияга чиқаётган ходимлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бу йил 100 нафарга яқин коллеж битирувчисининг иш билан бандлиги таъминланди. Бирлашмада амалиёт ўтаган олти нафар коллеж ўқувчиси энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида рағбатлантирилди. 12 нафар ходимнинг фарзандларига ўқув қуроллари олиб берилди. Техник ходимлар махсус кийим-бош билан бепул таъминланмоқда.
– Бирлашмамизда меҳнат муносабатлари намунали йўлга қўйилишида касабақўмнинг хизмати катта, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Абдуллаев. – Касаба уюшмаси томонидан иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ташкил қилинаётган давра суҳбатлари натижасида жамоамизда шикоятбозлик буткул барҳам топди. Ҳар бир масала қонуний асосларда ҳал қилинмоқда, ижро интизомига қатъий риоя этилмоқда.
Ҳамкасблари Кенжа аканинг нафақат шифокор, касабақўм, балки намунали оила бошлиғи сифатида ҳам ҳурматга сазовор, ҳавас қилса арзийдиган инсон эканини айтишди. Унинг турмуш ўртоғи Гулбаҳор Матёқубова тумандаги 22-оилавий поликлиника мудири. Ўғли Отабек Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази шифокори. Қизи Дилноза эндокринолог. Дилфуза ва Дилдоралар Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали талабалари. Хуллас, шифокорлар оиласи.
Меҳр-оқибат, ҳалоллик, фидойилик каби туйғулар таъсирида камол топганлиги Кенжа Худойбергановни ҳар доим фаолликка ундаб турса, ажаб эмас. Қарийб 26 йил давомида тери-таносил касалликлари шифокори бўлиб фаолият кўрсатган мутахассисни 2012 йилда ҳамкасблари Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси қилиб сайлашганди. Шундан буён у зиммасидаги вазифаларни масъулият билан адо қилишга ҳаракат қилиб келмоқда. Кенжа Худойберганов 2013 йилда «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, 2014 йилда республикада меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши касаба уюшма қўмиталаридан бири сифатида эътироф қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.
– Мен учун муҳими – жамоамизнинг аҳиллиги, ҳамкасбларимнинг ўз меҳнатидан розилиги, касаба уюшмасига бўлган ишончининг мустаҳкамлиги, – дейди Кенжа Худойберганов.