21.11.2018. Қозоғистон нефт ва газ саноати ходимлари касаба уюшмаси жамияти бирлашмаси раиси Тлеккабил Кабдулов бошчилигидаги бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари юртимизда меҳмон бўлди.
Тармоқ касаба уюшмаси фаолияти, юртимизда нефт ва газ саноати ходимларининг ижтимоий-иқтисодий муҳофазаси билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашишни мақсад қилган қардошларимиз дастлаб «Шўртангазкимё» мажмуасида бўлдилар.
– Йирик корхонанинг салоҳияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар бизни ҳайратда қолдирди, – деди Тлеккабул Кабдулов ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан. – Қолаверса, «Шўртангазкимё» мажмуаси музейи ҳам бизга жуда манзур бўлди.
Шундан сўнг меҳмонлар «Ўзбурғунефтгаз» акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Жумақул Қурбонов ҳамроҳлигида янги қурилаётган UzGTL корхонасида амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёни билан танишди.
«Косон нефть ва газ қидирув экспедицияси»га қарашли «Эсабой-2» бурғулаш майдонида бурғуловчилар билан учрашув ҳам қизғин фикр алмашув руҳида ўтди. Қозоғистонлик меҳмонлар ходимлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг иш ва яшаш шароитлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишди.
Бундан ташқари, меҳмонлар Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган «Ўзбурғунефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли Беруний номидаги оромгоҳни кўздан кечиришди.
Оромгоҳнинг нафақат ёзги мавсумда болаларни соғломлаштириш, балки қолган вақтларда тармоқ меҳнаткашларини дам олдириш, турли маданий-маърифий, спорт мусобақалари ўтказишга хизмат қилаётгани уларда катта қизиқиш уйғотди.
– Оромгоҳдаги ишлар замон билан ҳамнафас экани, бу ерда қишин-ёзин қизғин ҳаёт давом этиши таҳсинга лойиқ, – деди Қозоғистондаги «Озенмунайгаз» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси Науриз Сактаганов. – Бу ерда новвойхона, меҳмонхона, турли спорт тадбирлари ўтказиладиган спорт майдонлари, сузиш ҳавзаси билан танишдик.
– Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий қадамжолар, Оқсарой мажмуаси, Амир Темур музейи жуда ёқди, – деди Қозоғистондаги «Эмбамунайгаз» корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Кенжегали Шанканов. – Қозоқ диёрида Соҳибқирон сиймосига катта ҳурмат билан қарашади. Ул зот туғилиб ўсган заминни, Оқсаройни зиёрат қилганимиздан хурсандмиз.
Учрашувлар чоғида Ўзбекистон нефт-газ ва геология саноати ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Фозил Турсунов меҳмонларга вилоятдаги тармоқ корхоналари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Ўзбек ва қозоқ давлатлари тармоқ касаба уюшмалари вакиллари бу каби ҳамкорлик алоқалари бардавом бўлишига тилак билдиришди.