[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.12.2018. Рўзғор маъмурчилиги аксар ҳолларда оила бошлиғи саъй-ҳаракатига боғлиқ. Бу хонадонда ҳам тамойил аслида шундай эди. Яхшигина қурувчи бўлган Ўктам ҳалол меҳнати билан фарзандларини бировдан кам қилмай ўстириб келаётганди. Бироқ тасодиф сабаб чап қўлини қаттиқ кесиб олди. Жароҳат асоратидан бармоқлари қотиб, ишламай қолди…

Ётиб еганга тоғ чидамайди, дейишади машойихлар. Оила аёли гўдак­лар парваришидан ортмай турган бир пайтда… Рўзғорда аста-секин танқислик, моддий қийинчиликлар бўй кўрсата бош­лади. Бирон-бир тирикчиликнинг бошини тутай деса, кесакка айланган панжалар панд берарди. Боши қотган кунларнинг бирида нажотнинг ўзи эшикдан кириб келди.
– Каттақўрғон тумани ҳокими тавсиясига биноан собиқ қурилиш устаси Ўктам Эрдонов вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун ётқизилди, – дей­ди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Фаррух Соҳибов. – Шифокорлар унинг иш қобилиятини тиклаш учун бор маҳоратини ишга солишди.
Муолажалар кўп ўтмай ўз натижасини бера бошлади. Бир неча йиллардан буён соҳибига бўйсунмай қўйган панжаларга жон кирди.
– Нафақат мен, оилам ҳам кучли руҳий тушкунликка тушиб қолгандик, – дейди Каттақўрғон тумани «Қирғиз» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ўктам Эрдонов. – Меҳнат қобилияти чекланиб, уйда ўтириб қолган кунларнинг ҳар лаҳзаси қанчалик оғир ўтишини бошдан кечирган одамгина ҳис этади. Президентимизга минг раҳмат. Оиламиз таназзулдан чиқиб олди. Соғлигим тикланган заҳоти йўқотилган кунлар учун ҳам ўн ғайрат билан ишга киришдим. Моддий қийинчилик­лар энди ортда қолди. Ҳозир Самарқанд шаҳридаги қурилиш ташкилотларидан бирида меҳнат қиляпман.
Давлатимиз раҳбарининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ биргина Каттақўрғон туманида истиқомат қилаётган 6 нафар кам таъминланган фуқаронинг саломатлигини тиклаши учун 24 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди. Туманда жорий йилда 25 нафар камхарж оилалар уй-жойлари давлатимиз томонидан ажратилган 250 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига таъмирдан чиқарилди. 70 нафар фуқарога газ плиталари, 34 нафарига суюлтирилган газ балонлари етказиб берилди, 47 та кам таъминланган оилага чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилди.
– Тақдир тақозоси билан ўз бош­панамизга эга бўлолмадик, — дейди «Қиёт» маҳалласида яшовчи Райҳонбиби Фақирова. – Давлатимиз кўмагида биз ва бизга ўхшаган оилаларга янги уйлар калити топширилди. Инсон зоти доимо умид билан яшайди. Кўп йиллардан буён ўз уйимиз бўлиши орзусида эдик. Бу бахт насиб этганидан бениҳоя хурсандмиз.
Янги йил арафасида Каттақўрғон туманидаги яна уч хонадон ҳовли тўйларини ўтказиш тараддудини кўрмоқда.