[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.12.2018. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғузор тумани кенгашига 44-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Самадов мурожаат қилиб, шу йилнинг 6 июнь куни меҳнат таътилига чиққани, таътилдан қайтганда 10 июль куни туман халқ таълими бўлими мудирининг чиқарган буйруғига асосан ишдан бўшатилиб, 61-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлигига ўтказилганидан хабардор бўлгани, бу қонуний ҳақ-ҳуқуқларини бузиш ҳисобланишини билдирган ва олдинги иш жойига тиклаб беришни сўраган.

Тармоқ касаба уюшмаси туман кенгаши ушбу мурожаатни ўрганиш чоғида ХТБ мудири қонунга зид равишда иш тутгани маълум бўлди. Чунки ходим меҳнат таътилида бўлган пайтида огоҳлантиришсиз ва розилигисиз бошқа ишга ўтказилган. Бундан ташқари, буйруққа мактаб директори билдиргиси ва ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос сифатида нотўғри кўрсатилган.
Ҳолбуки, меҳнат қонунчилигига мувофиқ ходимни бошқа иш жойига кўчириш унинг розилиги билан амалга оширилади. Қолаверса, буйруқ чиқарилган вақтда Анвар Самадов меҳнат таътилида бўлиб, буйруқ билан таништирилмаган.
Касаба уюшмаси аралашгач, Меҳнат Кодексининг 91-, 92-, 93 – моддалари талаблари қўпол тарзда бузилган ҳолда чиқарилган буйруқ бекор қилинди ва Анвар Самадов ўз иш жойида фаолият юрита бош­лади.
Тумандаги 9-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаган Хадича Узоқова ўз мурожаатида жорий йилнинг 22 февралидан буён ишсиз юргани ва уч ойлик иш ҳақини тўлиқ ололмаганини билдириб, касаба уюшмасидан кўмак сўраган эди.
Ушбу аризани ўрганиш жараёнида маълум бўладики, 2018 йил 23 январдан бола сони камлиги сабаб қилиниб, Хадича Узоқованинг гуруҳи ёпилган. 24 январдан эса муассаса мудирасининг буйруғи билан меҳнат таътилида бўлган тарбиячининг ўрнига унга вақтинча бир ставкалик тарбиячилик вазифаси юклатилган.
12 февралда меҳнат таътилидан қайт­ган тарбиячи ишга чиққан ва Хадича Узоқова ишсиз қолган.
Тармоқ касаба уюшмаси туман кенгаши мактабгача таълим муассасасига ходимнинг манфаатини кўзлаб тақдимнома киритди.
Яқинда ушбу тақдимнома қаноатлантирилиб, Хадича Узоқованинг ойлик ­маошлари тўлаб берилди ва ҳозирда у ўз ишини давом эттирмоқда.
Касаба уюшмаси фаолиятида бу каби мисоллар жуда кўп.
– Мурожаатларни ўрганиш давомида 22 нафар ишчи-ходимнинг ҳуқуқлари тикланди, – дейди касаба уюшма кенгаши раиси Эшпарда Ниёзов. – Бир нафар ходимнинг манфатларини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси киритилди ва у суд қарори билан ишига қайтди. Бундай қонунбузилишларнинг олдини олиш учун «Меҳнат шартномасини бекор қилишга оид ҳужжатлар» рисоласини китоб­­ча шаклида барча бошланғич ташкилотларимиз етакчиларига тарқатдик. Унда касаба уюшмаси органининг иш берувчи тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби, бериладиган огоҳлантириш хатлари мазмун-моҳияти ва чиқариладиган буйруқларнинг Меҳнат Кодекси талабларига мос келиши шартлари намунавий шаклда кўрсатилган. Бундан ташқари, бошланғич ташкилот етакчилари ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Тез-тез ўтказилаётган ўқув-семинарлар шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Баъзи иш берувчи ёки касабақўм етакчиларининг ишга юзаки ёндашиши турли меҳнат низоларининг юзага келишига сабаб бўлади. Бу нотўғри. Ким қонунга итоат қилса, у ўзини ҳурмат қилган бўлади. Буни асло унутмаслик лозим.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкид­лаганидек, қачонки адолат ва қонун устуворлиги таъминланса, мамлакатимиз янада тараққий этади, халқимиз орасида, меҳнат жамоаларида қонунларнинг ҳаётбахшлиги ортади.

Акмал Абдиев