[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.12.2018. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга улар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Худди шу мақсадларда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида турли соҳа ходимлари ўртасида қатор спорт тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг спорт жамоаси шакллантирилиб, улар вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари ўртасида ўтказилаётган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқдалар. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерациясининг спорт жамоаси жорий йилда вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари ўртасида ўтказилган “Дўстлик спартакиадаси”да спортнинг шахмат тури бўйича биринчи, шашка мусобақаларида иккинчи, футбол тури бўйича эса 3-ўринни эгаллади.

Жорий йилнинг 23 декабрь куни соат 10.00 да йил давомида эришган ютуқлари ва спортнинг қатор турларини оммалаштиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун касаба уюшма фаолларидан таркиб топган мазкур спорт жамоасини тантанали тақдирлаш тадбири ўтказилди. Унда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раислари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси мутасаддилари, касаба уюшма фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган зарур шароит ва имкониятларнинг жамиятимизда соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида профессионал спортчиларимиз халқаро майдонларда юқори натижаларга эришиб, юртимиз довруғини дунёга танитаётгани қайд этилди.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан спортнинг оммавийлигини ошириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, меҳнат жамоаларида ходимлар гимнастикасини жорий этиш ва турли спорт мусобақаларини ўтказиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида касаба уюшма спортчилари нуқузли халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолибликни қўлга киритмоқдалар. Хусусан, жорий йилнинг 18 августидан 2 сентябригача Индонезия давлатининг Жакарта-Палембанг шаҳрида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида 17 нафар касаба уюшма спортчиси Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, халқаро майдонда спортнинг оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш ва эшкакли слалом турлари бўйича беллашдилар. Қизғин беллашувлар натижаларига кўра 6 нафар касаба уюшма спортчиси 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг спорт жамоасининг  жорий йилда 100 дан зиёд вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 600 нафардан ортиқ ходимлари иштирок этган  “Дўстлик спартакиадаси” спорт мусобақаларида қўлга киритган ютуқ ва муваффақиятлари эътироф этилиб, ғолиб ва совриндор бўлган 12 нафар касаба уюшма спортчиси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Келгусида касаба уюшма спортини янада ривожлантириш, бу орқали мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш йўналишидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш борасида касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси фаолиятини янада такомиллаштириш, олдинда турган халқаро даражадаги спорт мусобақалари ва  Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси таркибида касаба уюшма спортчиларининг муваффақиятли иштирок этишларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати