[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.01.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда “Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш” мавзусида семинар ўтказилди. Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини самарали бошқариш тизимини амалга оширишда иштирок этувчи ва таҳлилий фаолиятни таъминловчи касаба уюшма фаолларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда ижобий халқаро тажриба ўрганиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалари қўмитаси мутасаддилари, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари меҳнаткашларининг фаолияти бўйича бош мутахассиси Гоча Александрия, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Бюроси меҳнат инспекцияси ва меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Валентин Мокану, ХМТ меҳнат муҳофазаси бўйича халқаро консультанти Корнелиу Константиноая, ХМТнинг  Ўзбекистондаги координатори, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари ва фаоллар иштирок этдилар.

Семинарда таъкидланганидек, ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш доирасида касаба уюшмалари тизимидаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар томонидан 2018 йилда жами 1 311 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти ўрганилиб, меҳнат муҳофазасига оид 6 минг 506 та камчиликлар аниқланди ва натижалари бўйича иш берувчиларга 886 та тақдимномалар киритилиб, касаба уюшмаларининг аралашуви билан 5 минг 419 та камчиликлар бартараф этилишига эришилди.

Бугунги кунда республикамизда Бош келишувга асосан 100 та тармоқ ва 14 та ҳудудий келишув, корхона, ташкилот ва муассасаларда эса – 170 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Барча жамоа шартномавий ҳужжатларда муносиб меҳнат, бандликка кўмаклашиш, муносиб иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, ходимларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизлар, ёшлар учун имтиёзлар ва ХМТнинг бошқа конвенцияларига риоя этилиши каби бўлимлар киритилган.

Мамлакатимизда касаба уюшмалари ходимларнинг саломатлиги ва улар учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишида муҳим ўрин эгаллайди. Улар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиш ибалн бирга, уларнинг бажарилиши устидан мунтазам жамоатчилик назоратини амалга оширади. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича 160 дан зиёд таклифлар киритилган, меҳнатни муҳофаза қилишга оид 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича хулосалар берилган.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан кенг жамоатчиликнинг эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, шунингдек, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови” ўтказиб келинмоқда. Мазкур кўрик-танловда ташкилотлар, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича 35 ёшдан ошмаган ёш мутахассислар иштирок этмоқдалар.

Ноқулай меҳнат шароитлари таъсирида ишловчи ходимлар белгиланган меъёрларга мувофиқ сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланмоқда. Бундай ишларнинг рўйхати, бепул берилиши нормалари ва шартлари жамоа шартномаларида белгиланган.

Бугунги кунда республикамизда меҳнат муҳофазаси соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирларда асосий эътибор касбий хавфларни бошқариш ва профилактик таҳлил қилиш тизимини яратишга, ходимларнинг соғлиғи ҳолати ва ҳар бир иш жойида меҳнат шароитларини баҳолашга қаратилмоқда. Меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимининг асосий мақсади – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш, ижтимоий шериклик механизмларидан самарали фойдаландиган ҳолда ходимлар соғлиғига зарар етказилиши хавфини бошқаришга қаратилгандир.

Семинарда ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари меҳнаткашларининг фаолияти бўйича бош мутахассиси Валентин Мокану меҳнат муҳофазасини бошқариш тизими – ХМТнинг асосий принциплари ва халқаро стандартлари ҳақида шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мулоқот олиб бориш, бу борада касаба уюшмасининг вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати