13.02.2019. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилиб, меҳнат жамоаларида ички туризмни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мамлакатимизда белгиланган турли байрам саналарида минглаб меҳнаткашлар учун қизиқарли турларни ўз ичига олган туристик саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Куни кеча Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Farg‘onaazot” АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида корхонанинг 50 нафардан ортиқ ёш ишчи-ходимлари учун Фарғона шаҳридан 60 км жанубда, Олой тоғ ёг бағирларида жойлашган сўлим “Шоҳимардон” ҳудудига туристик саёҳат уюштирилди.
“Farg‘onaazot” АЖнинг ёш ишчи-ходимлари қишлоқнинг баҳаво табиати, шифобахш сувларидан баҳра олиб, муқаддас зиёратгоҳлар бўлмиш “Ҳазрати Али” зиёратгоҳи, “Ҳазрати Али” масжиди, “Чаккатомар” булоғи масканларига ташриф буюрдилар.
Бу каби саёҳатлар ёшларга олам-олам завқ бағишлаши билан бирга уларда она Ватанга муҳаббат, аждодлар хотирасига ҳурмат ва улар қолдирган тарихий меросни қадрлаш туйғусини уйғотади, – деди Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси. Шавкат Тоиров. – Тармоқ тизимидаги бошқа корхоналарда ҳам ана шундай тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати