15.02.2019. Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига Фуқаро Ш.Сафаров мурожаат қилиб, “Сурхон-Шеробод ирригация тизими бошқармаси”да 2016 йилдан бери ишлаганлиги ва 2018 йилда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини билдирган ҳамда иш берувчи томонидан меҳнат дафтарчаси, ҳисоб-китоб пуллари, ишдан бўшатиш нафақаси ўз вақтида берилмаганлиги учун 4 ойлик иш ҳақи ундириб берилишида амалий ёрдам сўраган.
Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Ш.Сафаровнинг манфаати кўзланган ҳолда аввал иш берувчи – “Сурхон-Шеробод ирригация тизими бошқармаси” бошлиғи номига ҳодимга ҳисоб-китоб пуллари, ишдан бўшатиш нафақаси ҳамда меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмаганлиги сабабли иш ҳақини тўлаб бериш ҳақида тақдимнома киритилган.
Лекин, тақдимномада кўрсатилган талабларни бажариш масаласида иш берувчи томонидан рад жавоби берилган.
Шундан сўнг, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан мазкур масала юзасидан судга даъво аризаси киритилиши натижасида Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2018 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарорига биноан Ш.Сафаров фойдасига жами 2 миллон 510 минг 197 сўм миқдорида ҳақ ундириб берилишига эришилди.