[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.03.2019. Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси томонидан “Касаба уюшмаси ва аёл: реал ҳолат, муаммо ва истиқбол” мавзусидаги давра суҳбати ҳамда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Аёл меҳнати билан эъзозда” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди. Унда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари,  вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари ва фаол хотин-қизлар иштирок этдилар.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда касаба уюшма  аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун тузилган Минтақавий келишувга ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномаларига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилган. Жамоа шартномаларига ноқулай шароитда ишлаётган аёлларга имтиёзлар бериш, мактабгача ёшдаги болалари бўлган аёлларга ойда бир кун ҳамда икки ва ундан ортиқ 12 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга иш кунини 1 соатга қисқартириш ва 3 иш кунидан иборат қўшимча таътил бериш, 14 ёшгача фарзанди бўлган ва ҳомиладор аёлларга тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилаш, бола тарбияси муносабати билан таътилга чиққан аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, аёлларни тиббий муассасаларда бепул даволаш ҳамда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш каби меъёрлар киритилган.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномларига Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияси,  “Тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларга тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги 100-сонли Конвенцияси, “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 103-сонли Конвенцияси, “Мажбурий меҳнатни тугатиш  тўғрисида”ги 105-сонли Конвенцияси, “Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисида”ги 111-сонли Конвенцияси, “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-сонли Конвенцияси, “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги 182-сонли Конвенцияларига риоя этиш бўйича меъёрлар киритилган.

Рақамларга мурожаат этсак, Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2018 йил давомида нодавлат мулк шаклидаги 237 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 376 нафар болали аёлларга ойлик маоши саланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши жорий этилди. 303та корхонада ишлаётган 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган 525 нафар ёш онага 103 миллион 553 минг сўмлик моддий ёрдам берилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш ҳаражатларини қоплаш учун 938 та корхонада 2641 та оилага қарийб 140 миллион сўм маблағ сарфланди. Кам таъминланган 2305 нафар ёш оилалар вакилларига 379,5 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 86 нафар талабанинг тўлов контракт пулларининг бир қисмини қоплаш учун корхоналар ҳисобидан 126 миллион 473 минг сўм йўналтирилди. Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 75 та оилага 281 миллион 450 минг сўмлик фоизсиз ссудалар, сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 31 та корхона ва ташкилотда 38 нафар ходимга 79 млн 900 минг сўм фоизсиз ссудалар берилди.

2018 йилда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга, диққатга сазовор масканларга 20 522 нафар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саёҳатга олиб борилди. Кам таъминланган ва кўп болали ҳамда олис ва чекка туманларда, мураккаб иқлим шароитида яшовчи аёлларнинг 15 нафари, ишлаётган кексаларнинг 24 нафари, тиббиёт муассасалари ходимларининг 10 нафари, таълим соҳаси ходимларининг 12 нафари, фарзанд кўрмаган оилаларнинг ишлайдиган аъзоларидан 9 нафари “Умид Гулшани” санаторийсига бепул йўлланма билан таъминланди.

Давра суҳбатида амалга оширилаётган тизимли ишлар билан бирга алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам таҳлил этилди. Хусусан, нодавлат мулк шаклидаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларни касаба уюшмаси аъзолигига тўлиқ жалб этиш, бу орқали уларда ишловчи хотин-қизларнинг ҳам жамоа шартномаларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланишларини таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир давомида касаба уюшмалари томонидан хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди. Таъкидланганидек, ўтган ҳисобот йили давомида бирлашма томонидан кўриб чиқилган 317 та ариза, шикоят ва мурожаатларнинг 195 таси хотин-қизлар мурожатларидир. Ушбу мурожаатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, 107 та корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларига тақдимномалар киритилган. Бунинг натижасида 92 нафар ходимнинг қонуний  ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Судларга киритилган даъво аризалари орқали эса 51 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари ҳамда хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда жамоа келишувлари ва шартномаларининг ролини кучайтириш, иш берувчи масъулиятини ошириш, ишловчи хотин-қизларга нисбатан меҳнат соҳасидаги асоссолувчи принциплар, нодавлат секторда, жумладан, қишлоқ хўжалигида банд бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдаги муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар, гендер тенглик: иш билан банд бўлган хотин-қизларнинг ўз устида ишлаши ва фарзанд тарбияси билан шуғулланишлари учун яратилаётган имкониятлар, муаммо ва ечимлар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашинилди.

Баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган Давра суҳбати давомида кўрилган масалалар юзасидан ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Тадбир якунида бир гуруҳ фаол аёллар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Узоқ йиллар касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган фахрий аёлларга касаба уюшмаларининг байрам совғалари тақдим этилди.