11.04.2019. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегияси мамлакатимиз давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг нуфузли халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу стратегия доирасида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури”га асосланган конструктив ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларнинг жадаллик билан кучайиб бораётгани меҳнаткашлар манфаатларига хизмат қилмоқда.
2018 йилнинг 13-15 декабрида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Гай Райдер бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти рахбарлигида барча соҳаларда, хусусан, меҳнат муносабатлари соҳасида кўплаб ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказилаётганини, уларнинг ижобий натижалари аҳолининг ҳаёти сифати ва турмуши даражасини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлаган эди. Шунингдек, Гай Райдер томонидан Ўзбекистон ва ХМТ ҳамкорлигида меҳнат соҳасидаги муносабатларни такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган саъй-харакатларининг муҳимлигига ҳамда бу борада Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиянинг маърузасини ўрганиб чиқиш ва муҳокама қилиш лозимлигига эътибор қаратилган эди.
Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг касаба уюшма марказлари билан меҳнаткашлар ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида қабул қилинган Ҳамкорлик битимининг асосий тадбирларини амалга ошириш юзасидан аниқ қўшма тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 октябрдаги ПҚ-3979-сонли Қарорининг 2-иловасига асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма Меморандум имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2017 йил 25 декабрдаги 148-сонли Баёни қарори асосида амалга оширилаётган “Қирғизистон Республикаси билан йўл харитаси” доирасида 2017 йил декабрь ойида иккитомонлама имзоланган Келишув ижроси таъминланмоқда. Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси билан эса 2018 йил апрел ойида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ва октябрда меморандумнинг асосий тадбирларини амалга ошириш бўйича аниқ тадбирлар режаси имзоланиб, амалга оширилмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган Миллий Конференция ҳам Ўзбекистон ва ХМТ ҳамкорлигида меҳнат соҳасидаги муносабатларни такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш, Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастурини амалга ошириш ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси” тадбирлари ижросини таъминлаш, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадларига қаратилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг “Порлоқ келажак учун ишлаш” номли маърузаси муҳокамасига бағишланган “Тез ўзгарувчан меҳнат соҳаси: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги мазкур Миллий конференцияда ижтимоий шериклар ҳамда халқаро экспертлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ) директори ўринбосари Анна Бионди, Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Гоча Александрия, ХМТнинг “Ўзбекистонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури амалга оширилишига кўмаклашиш” лойиҳаси катта техник маслаҳатчиси Антон Хаузен иштирок этдилар.
Анжуманда бугун Ўзбекистонда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан жамият ҳаётининг барча соҳаларида мисли кўрилмаган ўзгаришлар ҳамда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Натижада охирги 2 йил давомида кўплаб муаммоли масалалар ўз ечимини топиб, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини белгилаб берган муҳим ҳужжат бўлди. Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани тубдан такомиллаштириш, аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўла намоён қилиши учун кенг имкониятлар яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Глобал комиссиянинг “Порлоқ келажак учун ишлаш” номли маърузаси қизғин муҳокама этилган Миллий конференция давомида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ) директори ўринбосари Анна Бионди томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг маърузаси тақдимоти ўтказилди.
Халқаро экспертлар Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг “Порлоқ келажак учун ишлаш” номли маърузасини Ўзбекистон биринчилардан бўлиб муҳокама қилаётганини ва бу – мамлакатнинг ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида улкан ривожланишни қўлга киритаётганидан далолат эканлигини эътироф этдилар. Мазкур Миллий конференция айни вақтида ўтказилаётган муҳим тадбирлардан бири бўлиб, замонавий меҳнат дунёси глобаллашув ва технологик инновациялар, демографик силжишлар ҳамда миграция, иқлим ўзгариши, ностандарт бандликнинг ўсиши каби масалалар билан боғлиқ туб ўзгаришларни бошдан кечираётгани қайд этилди. Шу боис ХМТ Глобал комиссиясининг муҳокама этилаётган мазкур маърузаси дунё миқёсида меҳнат соҳасидаги бу каби ўзгаришларни қандай бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш борасида қатор ғоя ва таклифларни шакллантиради.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур маърузада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат Конференцияси сессияларида ўртага ташланган масалалар ҳам ўз аксини топгани аҳамиятлидир. Хусусан, маърузада ХМТга асос солинган вақтда киритилган ижтимоий ҳимоянинг классик тизимларини қайта форматлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Анжуман иштирокчилари Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг “Порлоқ келажак учун ишлаш” номли маърузасининг инсон туғилганидан бошлаб кексайган давригача бўлган умумижтимоий ҳимояни таъминлаш зарурлиги тўғрисидаги тезисларини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Таъкидлаш ўринлики, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнаткашлар даромадларини мақбул даражага етказиш, ноқулай шароитларда ишловчилар учун меҳнат шароитларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча тўловлар, устамалар ва компенсациялар тўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бугун дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этади. Шу боис маърузада умуммеҳнат кафолотларини жорий этиш, бунда ходимларнинг асоссолувчи ҳуқуқлари, хусусан, иш ҳақи, иш вақти, хавфсиз ва соғлом иш ўринлари ва шароитларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш йўналишларининг акс этгани муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Миллий конференция давомида халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда учтомонлама ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотнинг самарали йўлга қўйилгани юқори баҳоланди. Бунинг амалий намунаси бўлган муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувнинг амал қилаётгани мамлакатда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида самарали ижтимоий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини самарали ҳимоялаш тизимини яратилганлиги алоҳида таъкидланди.
Бош келишув ижроси доирасида ўтган 2018 йил давомида учтомонлама ҳамкорлар томонидан мамлакат иқтисодиётини, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестицион муҳитни янада яхшилаш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш, фаолиятнинг барча соҳаларида давлатнинг иштирокини камайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, Бош келишув ижроси доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда ижтимоий-меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалдагиларини такомиллаштиришда фаол иштирок этилди, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга кўмаклашилди. Хусусан, ХМТнинг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги №81, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги №129, халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенцияларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида иштирок этилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасига тааллуқли 300 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Анжуманда таъкидланганидек, 2018 йил давомида касаба уюшмалари ташкилотларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 8 минг 498 та мурожаатнинг 4 минг 651 тасини ёзма, 1 минг 221 тасини оғзаки мурожаат ташкил этган бўлса, 1 минг 50 та мурожаат интернет орқали, 1 минг 525 таси Касаба уюшмаларининг «Ишонч телефони» орқали келиб тушган мурожаатлардир. Мазкур мурожаатларнинг 1 минг 766 таси қаноатлантирилди, 4 минг 7 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 2 минг 33 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, етказилган зарар учун ходимлар фойдасига 1 млрд. 70 млн. сўм маблағ ундириб берилишига эришилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка оид тарихий ҳужжатлар қабул қилиниб, бу борадаги амалий ишлар кучайтирилгани ва уларнинг ижобий натижа бергани халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистонда болалар меҳнатининг мавжуд эмаслиги ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида катта ютуқларга эришилгани нуфузли халқаро ташкилотлар, АҚШ ҳукумати, Европа иттифоқи, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан тан олингани ҳам алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, мамлакатда Давлат раҳбари ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромалари ва турмуш даражасини ошириш масалаларида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш йўналишларида алоҳида эътибор жойларда, айниқса, қишлоқ жойларида барқарор иш ҳақи ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлган янги иш ўринларини яратиш, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчилари ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш масалаларига қаратилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган Миллий конференция давомида Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкаснинг “Европа ва Марказий Осиё минтақасида меҳнат соҳаси истиқболига таъсир кўрсатувчи омиллар” мавзуидаги, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Гоча Александриянинг “Меҳнат соҳаси истиқболи ғояларини илгари суриш ва амалга ошириш борасидаги минтақавий фаолият” мавзуидаги, ХМТнинг “Ўзбекистонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури амалга оширилишига кўмаклашиш” лойиҳаси катта техник маслаҳатчиси Антон Хаузеннинг “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида” мавзуидаги маърузалари тингланди.
Анжуман иштирокчилари мазкур Миллий конференция турли соҳа ходимлари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш учун муҳим майдон вазифасини ўтаганини эътироф этдилар.
Анжуман доирасида халқаро экспертлар учун Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар ташкил этилиб, меҳмонлар мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан яқиндан таништирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати