[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.04.2019. Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Аввало, Касаба уюшмалари умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси раҳбариятини, аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган  ҳамкасбларимизни, йиғилиш меҳмонларини чин қалбдан қутлашга рухсат этгайсиз.

Шу кундан эътиборан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмалари умумконфедерациясининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Бизнинг, 22 йил ўтиб, Ижроия қўмитанинг ўтган йили декабрь ойида Тошкентда дўстона муҳитда бўлиб ўтган сайёр йиғилишида Касаба уюшмалари умумконфедерацияси сафига қайтганимиздан бағоят хурсандмиз.

Меҳмондўст Москва заминига келиб, бу қароримизнинг тўғрилигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик, мазкур нуфузли халқаро ташкилотга қўшилиш истагимиз ва унинг фаол аъзоси бўлишга қатъий қарор қилганимизни тасдиқлаймиз.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳозирги мураккаб даврда, дунёда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳолат кучайган шароитда касаба уюшмаларининг асосий вазифаси бўлмиш меҳнаткашларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича касаба уюшмалар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Афсуски, бугун дунёда носоғлом рақобат мавжуд, кучлиларнинг бозорлардан заифларни сиқиб чиқариш ҳоллари кучаймоқда, рақибларни кучсизлантириш мақсадида турли  санкция­ларни қўллаш ва бошқа шу каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда.

Улар бугунги куннинг янги чақириқлари ва таҳдидларига айланди ва биздан тўғри  ва оқилона чоралар кўришни талаб этмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги 2,5 йил ичида барча йўналишлар бўйича кенг кўламли янгиланиш­лар содир бўлаётганини бутун дунё кўриб турибди. Иқтисодиётдан тортиб, ижтимоий соҳагача, давлат бош­қаруви тизимини комплекс ислоҳ қилишдан тортиб, халқимиз маънавий ҳаётининг асосларини мустаҳкамлашгача бўлган йўналишларда кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ижозатингиз билан мамлакатимизнинг жадал ривожланиш суръатларини намоён этувчи айрим маълумотларни келтирсам.

2018 йилда юртимизнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИП) ҳажми 5,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига ЯИМ ўтган йилгига нисбатан уч ярим фоизга ошган. Ўтган йилда аҳолининг реал даромадлари 20 фоизга кўпайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда улкан ­бунёдкорлик жараёни кечмоқда. Респуб­ликамизнинг барча вилоятларида минг­лаб янги корхоналар, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилмоқда, янгидан-янги уй-жойлар, йўллар, таълим ва тиббиёт муассасалари қурилмоқда.

Иқтисодиётни кредитлаш бир йилда 51 фоизга ўсди. Халқаро молия тузилмалари ва ҳамкор давлатлар билан амалга оширилаётган инвестицияларнинг умумий миқдори мус­тақиллик йилларида илк маротаба қарийб 70 миллиард АҚШ долларига етди.

Ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётир. Ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 10 фоизи шу соҳага йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун! Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!» деган ташаб­буси ягона устувор тамойилга айланди. Биз ўтган  чорак аср давомида турғунликда бўлганимиз, халқимиз  ҳаётини тубдан яхшилаш йўлида улкан имкониятлардан фойдаланмаганимизни тан олишимиз керак.

Сўнгги икки ярим йилда Ўзбекистоннинг кўп миллионли заҳматкаш аҳолиси ҳақиқий маънодаги халқчил ижтимоий сиё­сатни кўрди, десак муболаға бўлмайди. Президент ҳар бир раҳбар олдига, энг аввало, фуқароларнинг яшаш, меҳнат қилиш шароитларини ўрганиш ва уларни яхшилаш талабини қўймоқда. Иқтисодий жиҳатдан ҳали тўла қувватга чиқиб улгурмаган давлат учун икки ярим йилда минглаб ночор оилаларни уй-жой билан таъминлаш, айниқса, ногиронлиги бўлган, боқувчига эга бўлмаган оилаларни бепул уй-жой билан таъминлаш, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш, соғлиғини тиклаш, оилавий имкониятларини оширишга қаратилган беғараз ёрдамлар ҳажми мисли кўрилмаган, тарихда учрамаган рақамларни ташкил этади. Бу эса кўп йиллар давомида меҳнатига яраша ҳақ олиш имконидан маҳрум бўлиб ноқобил сиёсат қурбонига айланган минглаб фуқароларни ҳаётга қайтарди. Биз ҳукумат томонидан олиб борилаётган бундай кенг кўламли ишларни кузатувчи сифатидагина кўрмадик, балки уларни рўёбга чиқариш ишларида бевосита иштирок ҳам этдик. Бу эса жамиятда ҳамжиҳатлик кайфиятини пайдо қилди.

Шу боис, мамлакатимизнинг энг оммавий ва салоҳиятли ташкилоти ҳисобланган Ўзбекистон касаба уюшмалари мамлакат раҳбариятининг 33 миллион нуфузга эга  бўлган  халқимиз  фаровонлиги йўлидаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди.

Биз Ҳукумат, Савдо-саноат палатаси ва касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган уч томонлама Бош келишув ижросини ҳар йили кенг муҳокама қиламиз. Унда меҳаткашларнинг қонуний манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича томонларнинг мажбуриятлари аниқ белгилаб  берилмоқда .

Бизнинг давлат ҳокимияти органлари ёки иш берувчиларга йўллаган бирон бир мурожаатимиз эътиборсиз қолмайди.

2018 йилда касаба уюшмалари органларига жисмоний ва юридик шахслардан 10 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти ҳал қилинди ёки ҳал этилиш жараёнидадир.

Ташкилотларимизга келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқишда касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида ташкил этилган Юридик клиниканинг ўрни катта.

Мамлакатимиз раҳбариятининг сиёсий иродаси туфайли, касаба уюшмалари Федерациясининг бевосита иштирокида бугунги кунда Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига бутунлай барҳам  берилди.

Ушбу чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан маъқулланди. Хабарингиз бор, яқинда АҚШ Ўзбекистонни  мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланувчи мамлакатлар рўйхатидан чиқарди.

Бугунги кунда касаба уюшмаларининг мавжуд муаммоларни реал ҳал этишдаги фаол иштирок этиши ташкилот таъсири ва нуфузининг ошишига хизмат қилиб, олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли ҳал этишимизга ёрдам ­­бермоқда, деб бемалол айта оламиз.

Бу борада рақамлар ва ижобий далилларни кўп­лаб келтириш мумкин. Мисол учун, Ўзбекис­тон сўнгги 2,5 йилда барча йўналишлар бўйи­­ча барқарор ривожланиш йўлига чиқиб олди.

Шу билан бирга, бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали кўп.

Бизнинг тез ўсиб бораётган аҳолимизни муқим иш ўрни билан таъминлаш олдимиздаги жиддий масалалардан биридир.

2018 йилда республика бўйича 372 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган. Лекин бу кам.

Ўзбекистон аҳолиси сони ошиши бўйича  собиқ Иттифоқ ҳудудидаги энг юқори кўрсаткичларга эга мамлакатлардан биридир. Туғилиш сонининг барқарор кўпайиши натижасида ҳар йили ярим миллион нафардан ортиқ қиши меҳнат бозорига чиқмоқда.

Бу масала юзасидан мамлакатимизда қатъий ва изчил ишларни амалга оширмоқдамиз. Ушбу муаммони ҳал этишда  Россия Федерациясига ташқи  меҳнат миграцияси асосий омил бўлиб қолмоқда. Жойларда ўзбекистонликлар учун зарур шароитлар яратиб берилаётгани учун Россия Ҳукуматига, мамлакат касаба уюшмаларига, шахсан Михаил Викторович, сизга ва давлат ҳокимияти органларига миннатдорлик билдирамиз.

Улар ишлаб топган маблағлари ҳисобига  ўз оилалаларига ёрдам бериш имконига  эга бўлишмоқда . Албатта, бу вақтинчалик ва иложсизлик натижасида кўрилган чорадир. Барча меҳнат мигрантлари аста-секин ўз оилалари бағрига қайтадилар.

Ўтган асрнинг 20-30 йилларидан юз минг­лаб нафар россияликлар Ўзбекистонга кўчиб борганини жуда яхши эслаймиз.

Уларни ўзбек заминида қандай илиқлик ва меҳмондўстлик билан кутиб олганликлари ҳақида Александра Неверовнинг «Тошкент – нон шаҳри» номли ажойиб ҳикоясида баён қилинади. Халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги айнан мана шундай ўзаро алоқаларда намоён бўлади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Ўзбекис­тон – Россия муносабатларининг жадал ривож­ланишини тўла қўллаб-қувватлайди.

Давлатларимиз раҳбарлари стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этмоқдалар ва бу борада ўзлари ўрнак бўлмоқдалар.

Юқорида айтиб ўтганимдек, бугунги кунда Ўзбекистон барча ҳамкор давлатлар билан ҳамкорлик қилиш учун очиқ.

Марказий Осиё минтақасидаги қўшни мамлакатлар билан муносабатлар биз учун устувор йўналишлардандир. Бизнинг ҳар томонлама ва самарали ҳамкорлигимизга тўсқинлик қилган кўп­лаб тўсиқлар олиб ташланди.

Шунингдек, МДҲ бўйича бошқа биродарларимиз билан муносабатларимиз ҳам фаол ривож­ланмоқда. Бундай алоқалар касаба уюшмалари органлари, хусусан, бизнинг Касаба уюшмалари умумконфедерацияси билан муносабатларимизни  ҳам  янада чуқурлаштиришни назарда тутади.

Ҳурматли дўстлар!

Яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтишни лозим деб топдим.

Сўнгги йилларда МДҲнинг айрим мамлакатлари касаба уюшмалари органларига нисбатан «мустақил  эмаслик», «чўнтакбоп­лик»ва ҳоказо турли хилдаги  айбловлар қўйилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.

Бу ишларни ўзларини турли мамлакатларга босим ўтказиш ваколатига эга деб ҳисоблайдиган, ким томонидан ва нима мақсадларда тузилгани номаълум жамғармалар ва нодавлат ташкилотлари амалга оширмоқда.

Масалан, бугун Ўзбекистон Ҳукумати барча соҳалар бўйича комплекс ва чуқур ислоҳотлар дастурини амалга ошираётганини бутун дунё эътироф этмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимиз касаба уюшмалари томонидан тўла маъқулланмоқда, қўллаб-қувватланмоқда.

Биздан эса қандай қилиб бўлмасин, камчилик­лар топиш, фақат ва фақат танқидбозлик билан шуғулланиб юришимизни талаб этишяпти. Бунинг учун бирон-бир нодавлат ноҳукумат ташкилоти бизни олқишлайди. Бизга эса бунинг асло кераги йўқ. Чунки давлат ҳокимияти органларининг фаолияти касаба уюшмаларининг мақсад ва вазифаларига тўла мос келади.

Аксинча, биз инсонлар ҳаётини яхшилаш йўлидаги давлат дастурларининг амалга оширилишига ёрдам бермоғимиз керак, деб ҳисоблайман.

Агарда биз маълум бир муаммога дуч келадиган бўлсак, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг фикрига қулоқ тутадиган ҳокимият органларининг эътиборини шунга жалб қиламиз.

Биз жамиятда ижтимоий барқарорлик ва мамлакатнинг  муваффақиятли ривож­ланиб боришини таъминлашига шу тариқа кўмаклашамиз.

Биз мазкур долзарб муаммонинг мақбул ечимини биргаликда топишимиз учун ушбу масала Касаба уюшмалари умумконфедерацияси эътибори марказида бўлиши керак, деб ўйлайман.

Сўзим якунида меҳнаткашларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси йўлидаги хайрли ишингизда муваффақиятлар тилайман.