25.04.2019. Олмалиқ кон металлургия комбинатининг “Темирйўлчилар” Маданият марказида“Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” мавзуида семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тошкент вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ ҳамкорлигида уюштирилган ушбу тадбир “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланди.
—Мамлакатимиздаги кўплаб касаба уюшма ташкилотлари қатори, “Олмалиқ КМК” АЖ касаба уюшма қўмитаси ҳам меҳнатни муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият қаратади. Бунга мисол тариқасида, юқори ставкаларда белгиланган меҳнат ҳақи, қисқартирилган иш вақти, қўшимча меҳнат таътили, бепул даволаш-профилактика озиқ-овқатлари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситаларини келтириш мумкин, — дейди “Олмалиқ КМК” АЖ касаба уюшма Кенгаши раис ўринбосари Камол Ҳасанбоев. — Бундан ташқари, меҳнат жараёнида ходимларнинг хавфсизлиги ва иш қобилиятини сақлаш мақсадида ҳар бир касб учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларишлаб чиқилган бўлиб, ходимларга дастур асосида дастлабки ва даврий ўқитиш, йўриқ бериш ишлари йўлга қўйилган.
Семинар давомида Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий текшириш институти шифокори Рамазон Ишиговнинг “Касб касалликлари структураси ва профилактикаси”, Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Бобоқуловнинг “Ишлаб чиқариш жараёнида бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини олдини олиш”, Тошкент вилояти Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси шифокори Гулчеҳра Бекжонованинг “Меҳнатда жабрланган ходимларга ногиронликни белгилаш тартиби тўғрисида”ги маърузалар семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Ходимларни суғурта қилиш ҳамда ишлаб чиқаришда жабрланган ходимлар учун суғурта ьўловларини ундириш тартиби, Меҳнат муҳофазаси маданияти, хатти-ҳаракатлар хавфсизлиги аудити масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида “Олмалиқ КМК” АЖ корхоналари ўртасида ўтказилган “Энг намунали иш тақсимлаш хонаси” кўрик-танловининг ғолиблари тақдирланди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки,“Олмалиқ КМК” АЖ тасарруфидаги бошланғич ташкилотлар сони 40 та, касаба уюшмалари аъзолари эса 45 716 нафарни ташкил этяпти.