09.05.2019. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги ПҚ-3514-сонли Қарори ижросини таъминлашга кўмаклашиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни янада ривожлантиришда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Максам-Чирчиқ” АЖ раҳбарияти ва корхонанинг касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида корхонанинг “Мадад” уюшмаси аъзолари бўлган 50 нафар ёши улуғ фахрийлар учун 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами арафасида Республикамизнинг тарихий шаҳри бўлмиш Самарқанд бўйлаб зиёрат саёҳати ташкил этилди.
Фахрийлар “Буюк ипак йўли”нинг юраги бўлмиш Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меърос объектлари ва қадимий ёдгорликларни яна бир бор кўриш имкониятига эга бўлдилар. Жумладан, Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Тиллақори, Шердор мадрасалари, Гўри Амир, Шоҳи Зинда, Бибихоним мақбараларига ташриф буюриб, Самарқанднинг янада гўзал ва мафтункор қадим манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарих нафасини ҳис қилиб, катта таассуротлар билан қайтдилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.