07.06.2019. Юртимизнинг сўлим гўшаларида жойлашган қатор болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ёзнинг илк кунларидан дам олувчиларни қабул қилишни бошлади. Хусусан, Тошкент Жанубий вокзалида шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси фаоллари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «West Camp» оромгоҳида ҳордиқ чиқариш мақсадида келган Оролбўйи ҳудудида яшовчи ўғил-қизларни тантанавор тарзда кутиб олишди.
Қорақалпоғистонлик 150 нафар ўқувчи мураббийлари ҳамроҳлигида Қўнғирот – Тошкент йўналишидаги поезддан бирин-кетин тушиб келишди. Карнай-сурнай садолари оромгоҳ қучоғида кечадиган завқли дамлар таъсирида бўлган болажонларнинг кайфиятини янада кўтариб юборди. Юз-кўзида хурсандчилик, ҳаяжон ифодаси барқ урган ўғил-қизларнинг шодон кулгулари атрофни тутди.
– Бу кунни жуда интиқ кутгандим, қувончимнинг чеки йўқ, – дейди Тахтакўпир туманидаги 8-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Сабирбай Баймирзаев. – Икки йил аввал «Конструктор» оромгоҳида дам олиб, бир олам таассурот билан уйга қайтгандим. Ушбу дам олиш масканида турли хил йўналишдаги тўгарак машғулотлари, маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари бир зум ҳам зерикишимизга имкон бермади. Айниқса, хушманзара табиати, мусаффо ҳавосидан баҳра олиб яйраганмиз. Бу гал таассуротимиз янада бойийди, деган умиддаман.
– Шуманай туманидаги 5-мактабда ўқийман, – дея ўзини таништиради Изолда Бегманова исмли қиз. – Бундай узоқ йўлга биринчи марта чиқишим эди. Чарчаб, зерикиб қолсам керак, деб ўйлагандим. Поездда кела-келгунча юртимиз манзараларини томоша қилиб, чарчоғим унутилди. Дўстларимиз билан шеър-у қўшиқ айтишиб, манзилга етиб келганимизни сезмай қолдик. Оромгоҳда янги дўстлар орттириб, биргаликда мириқиб дам олиш онларимизни ҳаяжон билан кутяпман.
– 60 нафар боладан иборат гуруҳга 2 нафар мураббий бириктирилганмиз, – дейди Қўнғирот туманидаги 37-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Балзада Бахиева. – Болаларни яхши кўраман, улар билан ишлаш жон-у дилим. Шу боис ҳам ўқитувчилик касбини танлаганман. Оромгоҳда 15 кун давомида ўғил-қизлар билан бирга бўлиб, уларнинг дам олиш онлари мароқли ва мазмунли кечишига ҳисса қўшишни дилимга тугганман. Қолаверса, «West Camp» инглиз тилига ихтисослашган оромгоҳ. Бу ерда болалар билан инглиз тилида жонли машғулотларни йўлга қўйиб, уларга бу тилда маълум даражада мулоқотга киришиш кўникмасини шакллантириш, чет тилини ўрганишга қизиқишини ошириш ниятидаман.
Оролбўйи ҳудудида яшовчи болажонларни мавсум давомида пойтахтдаги корхона-ташкилотларга қарашли оромгоҳларда мароқли дам олдириш режалаштирилган. Шу мақсадда яна Хоразм вилоятидан 100 нафар, Қорақалпоғистон Республикасидан 310 нафар ўқувчининг Паркент туманидаги «Adventure Time – Cумча» оромгоҳига қабул қилингани ҳам фикримиз исботидир.
Ҳа, болаликнинг беғубор оламини янада гўзалликка тўлдириш, фарзандларимизга бахтли дамларни ҳадя этишдан улкан савоб йўқ.