12.06.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) иштирокида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Баркамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Байрамона руҳда ўтказилган мазкур акциядан кўзланган мақсад – аҳолининг, шу жумладан ўғил-қизларнинг Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан хабардорлик даражасини янада ошириш, шунингдек, худди шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.
Тадбир доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси ва ХМТ мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларга мазкур сананинг моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари томонидан иштирокчиларга қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ишлари ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги слайд ва роликлар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб, мавзу оид қатор танлов ва викториналар ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур кунга бағишланган тадбирлар “Болалар далаларда эмас, балки орзуларда ишлаши керак!” мавзусини қамраб олди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг охирги маълумотларига кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 218 млн. бола ишлашга мажбурдир. Уларнинг 152 миллион нафари болалар меҳнатидан жабрланганлар бўлиб, шундан 73 миллион нафар бола хавфли меҳнатга жалб қилинган. Энг ачинарлиси, ушбу 152 миллион боланинг қарийб ярми 5-11 ёшдаги болалардир. Дунё бўйича болалар меҳнати деярли барча соҳаларда учрайди, бироқ 10 боланинг 7 таси қишлоқ хўжалигида меҳнат қилади. Бу каби ҳолатлар болаларнинг ҳар томонлама камол топишига ва билим олишига халақит бериши билан бирга, уларнинг физик, ақлий ва аҳлоқий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Алоҳида фахр билан таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Давлат сиёсати доирасида Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини янада ривожлантиришга, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам дунё миқёсида эътироф этилди.
Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Баркамол” болалар соғломшлаштириш оромгоҳида ўтказилган тантанали тадбирда ҳам мазкур йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш соҳаларидаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди ва бугунги кунда ушбу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ташкилотчиар томонидан қайд этилганидек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган Бешта муҳим ташаббуснинг асосий йўналишларидан бири – жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишдир. Мазкур йўналишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам махсус тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.
“Баркамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган тантанали тадбир доирасида болалар учун махсус тайёрланган тематик фильмлар ва роликлар ҳам намойиш этилди. Болалар ўртасида “Дунё болаларига бахт ва умид” мавзусида ташкил этилган расмлар, куй, қўшиқ ва шеърлар танловлари, ўғил-қизлар билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини, халқаро конвенциялар бўйича юксак хабардорлик ва билимларга эга эканликларини намоён этди.
Тадбирда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бирдек, хусусан, ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустахкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққани эътироф этилди. Қайд этилганидек, бунинг натижасида фертил ёшдаги барча аёллар, болалар ва ўсмирлар тўлиқ тиббий кўриклар билан қамраб олиниб, туғма нуқсонли гўдаклар туғилишининг олдини олишга йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустахкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган самарали механизмлардан яна бири мамлакатимизда таълим билан бир қаторда болажонларни соғломлаштириш соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг натижаларидир. Таъкидлаш ўринлики, мазкур ноҳуш ҳолатга йўл қўймаслик борасидаги муҳим профилактик усуллардан бири – болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишидаги ишлар ҳисобланади. Мазкур жараён ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштириб келинмоқда. Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида мамлакат миқёсида 1067 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 224 таси стоционар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўлса, 843 таси соғломлаштириш майдончаларидир. Бу кўрсаткичлар жорий йилда фаолият кўрсатувчи стационар оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 20 тага кўпайганидан далолат беради. Ёз мавсуми давомида жами оромгоҳларда 310 минг нафарга яқин болажонлар соғломлаштирилади. Уларнинг 171 минг нафарга яқини стационар турдаги оромгоҳларда, 138 мингдан зиёди соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади. Ушбу мақсадлар учун жами 91 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Тадбир доирасида ўтказилган танловлар давомида болажонлар ўз маҳоратларини намоён этиб, дунёнинг турли минтақаларида яшаёган ва урушлар ҳамда бошқа зиддиятлар сабабли таълим олишдан махрум бўлган, оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбур болаларга ҳамдардликларини ўзлари чизган суратлар орқали билдирдилар.
Юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, Ўзбекистон ҳақиқий маънода бахтиёр болалар мамлакати эканлигини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.
Танов ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир якунида болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тиладилар ҳамда дунё болаларининг урушсиз ва зиддиятларсиз ҳаётга бўлган умидлари тимсоли сифатида самога юзлаб рангбаранг пуфаклар учирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати