17.06.2019. Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида жорий йилнинг 12 июнь куни “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” муносабати билан “Қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланишига йўл қўймаслик” болалар соғломлаштириш оромгоҳларида мавзусида тадбирлар ташкиллаштирилди.
Унда меҳнат муҳофазаси ва бола ҳуқуқлари мавзуига оид тақдимотлар ҳамда видеороликлардан фойдаланган ҳолда ўғил-қизларга мамлакатимизда ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган тизимли ишлар, болажонлар манфаатларини таъминлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, иқтидорли болалар иштирокида расм чизиш танлови ўтказилди. Болалар ўз қўллари билан тўгаракларда тайёрлаган турли эртак қаҳрамонлари, ўйинчоқлар, ҳунармандчилик соҳасида тайёрлаган буюмлари, ёғоч ўймакорлиги бўйича ижод намуналари, ганчкорлик асосида ясаган санъат асари даражасидаги идишлар ва эсдалик буюмларини намойиш этдилар.
Тадбир давомида оромгоҳлараро спорт мусобақалари ўтказилиб, болажонларнинг бадиий чиқишлари уюштирилди. Айниқса, оромгоҳга Оролбўйи минтақасидан ташриф буюрган ўғил-қизлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар барчанинг олқишига сазовор бўлди.