[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

29.07.2019. Янги қонун лойиҳасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имонияти кенгаймоқда. Амалдаги қонунда “ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга” дейилган бўлса, лойиҳада бу конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бу халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос келадиган меъёр. Шунингдек, амалдаги Қонунга биноан касаба уюшмалари корхона-ташкилотларда тузилиши белгиланган бўлса, янгисига мувофиқ эса барча иш ўринларида касаба уюшмалари тузиш мумкин бўлади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш учун иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Шунингдек, касаба уюшмаларига иш берувчилар ташкилотлари ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш таъқиқланади. Биз назарда тутаётган ҳужжатда мазкур жиҳатлар эътиборга олинган бўлиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Яширишга ҳожат йўқ, баъзи ҳолларда фуқаролар ишга жойлашаётганда иш берувчилар уларга касаба уюшмасига аъзо бўлмаслик ёки аъзоликдан чиқиш талабини қўйиши мумкин. Ходимнинг касаба уюшмасига аъзо бўлмайман, деб берган тилхати ҳақиқий эмаслиги янги қонун билан белгилаб қўйилган.

Амалдаги қонун 27 йилдан буён амал қилмоқда ва шу давр ичида меҳнат бозорида рўй берган катта ўзгаришларни ўзида акс эттирмайди. Шу ўзгаришларни касаба уюшмалари фаолиятида ифодалаш учун янги қонунга касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати, касаба уюшмаларининг жамоатчилик инспекциялари ва меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик масалаларига тааллуқли янги боблар киритилди.

Касаба уюшмлари бирлашмаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштироки кафолотлари кучайтирилганини ҳам муҳим янгиликлар сирасига қўшиш мумкин. Айни пайтда касаба уюшмалари Федерацияси бундай ваколатга эга бўлса, эндиликда республика миқёсидаги касаба уюшмалари бирлашмаларининг барчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, касаба уюшмаларининг ўз аъзолари олдида ҳисобот бериш мажбурияти қонун билан мустаҳкамлаб қўйилади.

Шу ўринда қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳа бўйича етакчи ҳорижий давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибаси ўрганилгани, халқаро ҳужжатлар – Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари талаблари эътиборга олинганини таъкидлаш лозим.

Маҳмуджон Исаев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири