31.07.2019. Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг корхона, ташкилот ва муассасаларда тутган ўрни ва мавқеини янада ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур меъёрий-ҳуқуқий асосларни ва барча шарт-шароитларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, 2011 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика кўрик-танловининг ўтказилиши бу соҳада қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Кўрик-танлов аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ва 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида белгиланган муддатларда, юқори савияда ўтказилиб, жорий йилда 2000 дан зиёд бошланғич ташкилотнинг фаол иштирок этишига эришилди.
Кўрик-танлов босқичларини ўтказиш жараёнида бошланғич ташкилотлар фаолияти тегишли комиссиялар томонидан ҳаққоний ва холис баҳоланиб, бунда асосий эътибор бошланғич ташкилотда ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, касаба уюшмалари устав вазифаларини амалга ошириш бўйича эришилган аниқ натижаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Кўрик-танловининг якуний натижаларига кўра, аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотларнинг 3 таси ва 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотларнинг 3 таси, жами 6 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти кўрик-танлов ғолиблари деб эътироф этилди.
Жумладан, аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар орасида 3-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус Агроэкономика касб-хунар коллежи, 2-ўринни Қашқадарё вилояти Китоб темир-бетон буюмлари МЧЖ, 1-ўринни Навоий вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси.
Кўрик-танловнинг аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар орасида 3-ўринни Бухоро вилояти Когон пахта тозалаш АЖга, 2-ўринни Наманган вилояти “Нестле-Ўзбекистон” МЧЖ, 1-ўринни Тошкент Давлат Аграр университети эгаллади.
Тадбир давоми “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови” билан қизғин равишда давом этди.
Барчага маълумки, кўрик-танлов 1999 йилдан буён ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида ўтказилиб келинади.
Шунингдек, кўрик-танлов якунига кўра, ғолибларни тақдирлаш доимий аънанага айланиб қолган.
Кўрик-танлов давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, шунингдек меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилади.
Кўрик-танловнинг 1- босқичида 120 тадан ортиқ корхона ва ташкилотлар иштирок этишди.
Кўрик-танловнинг “Энг яхши ташкилот” номинациясида 3-ўринни Наманган вилояти Насос станциялари ва энергетика бошқармаси, 2-ўринни Жиззах вилояти “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖ, 1-ўринни Бухоро вилояти Ғиждувон пахта тозалаш АЖ эгаллади.
“Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинациясида 3-ўринни Хоразм вилояти Хонқа пахта тозалаш АЖ, 2-ўринни Сирдарё вилояти “Гулистон экстракт ёғ” АЖ, 1-ўринни Сурхондарё вилояти “Шўрчидонмаҳсулотлари” АЖ эгаллади.
“Энг яхши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил” номинациясида 3-ўринни Сурхондарё вилояти “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” АЖ, 2-ўринни Андижон вилояти “Асакадонмаҳсулотлари” АЖ, 1-ўринни Тошкент шаҳар “Бектемирспирт эксперементал заводи” АЖ эгаллади.
“Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациясида 2-ўринни Фарғона вилояти “Сирдарё-Сух” ирригация тизимлари хавза бошқармаси, 1-ўринни Тошкент шаҳар “Картография илмий ишлаб чиқариш” корхонаси эгаллади
Кўрик-танлов босқичларини ўтказиш жараёнида бошланғич ташкилотлар фаолияти тегишли комиссиялар томонидан ҳаққоний ва холис баҳоланиб, бунда асосий эътибор бошланғич ташкилотда ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, тиббий кўриклардан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича ўқитиш ва билимларини синаш ҳамда бахтсиз ходисалардан суғурта қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.