02.08.2019. М.Ташматова 2007 йил 1 ноябрдан бошлаб, вилоят ОИТС (СПИД) маркази ташкилий услубий бўлимига 1,0 ставқа миқдорида, врач эпидемиолог ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилинган.
Иш берувчи ноқонуний равишда М.Ташматованинг розилигисиз 0,5 штатига ишга ўтказган. Шу ҳолатдан норози бўлиб, бир штат бирлигида врач эпидемиолог ёрдамчиси вазифасига ишга тиклашга ёрдам беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, Молия вазирлигининг 2018 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соглиқни сақлаш тизимидаги ОИТС га қарши курашиш марказлари, тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларнинг штат нормативларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма келишувларига кўра, марказнинг штат жадвалида ўзгариш бўлган, жумладан врач эпидемиолог ёрдамчиси штат бирликлари қисман қисқарган.
Иш берувчи қисқаришга тушган ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳақида огохдантирмасдан, балки М.Ташматовадан 0,5 ставкада врач эпидемиолог ёрдамчиси лавозимига қабул қилиш ҳақида ариза ёздириб олган ва мазкур аризани асос қилиб, 2019 йил 04 февралдан бошлаб, 0,5 ставкада врач эпидемиолог ёрдамчиси вазифасига ишга ўтказган ва мазкур буйруққа М.Ташматованинг аризасини асос қилган.
Ўзбекистон Республикаси МК нинг 88-моддаси 5-қисмида “Меҳнат шартларини ўзгартириш, улар қайси тартибда белгиланган бўлса, шундай тартибда амалга оширилади деб кўрсатилган.
Иш берувчи бир тарафлама меҳнат шартини ўзгартириб, М.Ташматовани бир штат бирилигини 0,5 штат бирлигига ўзгартирган.
Ўзбекистон Республикаси соглиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 21 январдаги №18 сонли буйруғининг талабига кўра 2019 йил 1-февралдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларда тиббиёт ходимларини фақат тўлиқ ставкага ишга қабул қилиш тартиби белгиланган. Мазкур буйруқнинг мазмунига кўра тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларда 0,5 ставкада ишлашлари мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 92-моддаси 1-қисмида “Бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) унга бошқа мутахассислцк, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин” деб кўрсатилган.
Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси МК нинг 88-моддаси 5-қисмини ҳамда 92-моддаси 1-қисми талабларини қўпол равишда бузиб, М.Ташматованинг розилигисиз меҳнат шартларини бир тарафлама ўзгартириб ҳамда 0,5 штат бирилигида доимий ишга ўтказганлиги аниқланди ва иш берувчи М.Ташматовани бир ставкада ишга тиклаш зарурлиги ҳақида тақдимнома киритилди. Натижада, тақдимнома қаноатлантирилиб, М. Ташматова бир ставка иш билан таъминланди.
Г.Бабаниязова
Бош юрисконсульти