09.08.2019. Бу йилги ёзги соғломлаштириш мавсуми ҳар йилдагидан-да файзли ва мароқли кечди. Боиси муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус асосида уюштирилган турли тадбирлар болаларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан, ҳам интеллектуал салоҳиятларини юксалтиришга хизмат қилди. Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси барча оромгоҳларда 5 ташаббус асосида танловлар, мусобақалар, акциялар уюштирди.
Жумладан, Хонқа туманида жойлашган “Жайҳун қуёши” болалар оромгоҳида “Китоб менинг дўстим” акцияси ҳамда Муҳтарам Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббус барчада катта таассурот қолдирди. Ёш рассомлар ўз расмларида Ватан манзаралари, буюк аждодларимиз портретлари, оила, меҳр мавзуларини акс эттирдилар. Қизчалар миллий рақсларимиз жозибасини ўз тенгқурларига кўз-кўз қилдилар. Шахмат-шашка баҳслари ҳам жуда қизғин кечди. Футбол муобақалари, стол тенниси ўйинлари ғолибларини аниқлаш осон бўлмади. Болалар компьютерлардан ҳам тўғри фойдаланишни ўрганганларини намойиш қилинди. Дам олувчилар ўзлари ўқиган китоблар ҳақида сўзлаб бердилар. Шеърхонлик баҳсида барча фаол қатнашиб, ҳар бир дам олувчи ўндан зиёд шеърларни ёд ўқиб бергани, адабиётни ошно тутувчи болажонлар сони ошиб борганидан далолатдир. Оромгоҳда ташкил қилинган тикувчилик, тўқувчилик, бисер тўқиш каби тўгараклар аъзолари қўл меҳнати маҳсуллари ҳам санъат асарига қиёс.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари К. Бекчанов, ёшлар маслаҳатчиси Б.Исмаилов, бўлим мудири А.Салаев билан мулоқот чоғида болалар оромгоҳда олган таассуротлари, ўрганган билимлари, орттирган дўстлари ҳақида сўзлаб бердилар. Мутасаддилар «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини муносиб кутиб олишга ҳозирлик кўрилаётганлиги, кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорликлар, давлатимизнинг дунёдаги ўрни, аждодларга муносиб ворис бўлиш зарурати, китобхонликнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Тадбирда фаол қатнашган ёшларга ва оромгоҳ кутубхонасига китоблар совға қилинди.
Бахтиёр Исмаилов
Хоразм вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.