19.08.2019. Жиззах вилоятида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди
Унда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши юридик бўлими мудири Ҳамидулла Пиримқулов, Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Нусратилла Пардаев ва бошқалар қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, унинг мазмун-моҳияти ва лойиҳадаги янгиликлар хусусида мулоҳаза юритишди.
– Бугун ҳар бир жабҳадаги ислоҳотлар натижасида замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Меҳнат шароитлари ҳам шунга мос, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши юридик бўлими мудири Ҳамидулла Пиримқулов. – Меҳнат муносабатларининг янгича тамойиллар асосида ташкил қилинаётгани эса ўз-ўзидан ходимлар манфаатини ҳимоя этишда янгича услубларга таянишимизни тақозо этмоқда. Амалдаги «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган даврдан (1992 йилдан) бери кўп нарсалар ўзгарди. Ҳаётий зарурат янги қонунга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.
Муҳокамалар чоғида ҳар икки тараф – қонун ижодкорлари ва касаба уюшмаси етакчилари кўплаб таклифлар билдиришди.
***
Алишер Каримов
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси:
– Қонун лойиҳаси билан танишар эканман, менда қатор фикрлар уйғонди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 16-моддаси биринчи сўз боши давомига қуйидаги қўшимча киритилиши лозим, деб ўйлайман: «Касаба уюшмасини ташкил этишда ходимларнинг касбий ўзига хослиги, яъни касблар бўйича бирлашиш тартибига қатъий риоя этишлари шарт». Бу касаба уюшмаси аъзоларининг соҳадаги ўзгаришлардан вақтида хабардор бўлишлари ҳамда касаба уюшма ташкилотининг соҳа ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш имконини беради.
Қонун лойиҳасининг 37-моддаси охирги сўз бошисида «Меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалариги риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун касаба уюшмаси бирлашмалари касаба уюшмаларининг хусусий инспекцияларини тузиш ҳуқуқига эга» дейилган.
Амалиётдан маълумки, ушбу инспекцияга юклатилаётган вазифаларни, ариза, мурожаатларнинг камида эллик фоизи суд ва бошқа ҳуқуқ органлари аралашувигача етиб боради. Шунинг учун ушбу инспекциянинг «Низоми»ни Ўзбекистон Республикаси тармоқ кенгашлари касбий ўзига хослигидан келиб чиқиб тайёрлаши, тасдиқлаши ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиши лозим бўлади. Шундагина ушбу инспекция муваффақиятли ишлаши мумкин.
Шу нуқтаи назардан қонун лойиҳасининг 37-моддасига қуйидагича қўшимча киритилишини таклиф қиламан: «Тармоқ касаба уюшма кенгашлари касбий ўзига хослигидан келиб чиқиб, Меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш инспекцияси низомини ишлаб чиқадилар, тасдиқлайдилар ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказадилар».
***
Илҳом Ўринов
«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси:
– Қонун лойиҳасининг 56-моддаси иккинчи хатбошисида: «Касаба уюшмаси органи таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо беришга, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, шунингдек, касаба уюшмаси органи таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколати тугаганидан кейин икки йил давомида иш берувчининг ташаббуси билан мазкур шахслар касаба уюшмаси фаолиятини олиб борган касаба уюшмасининг розилигини олмай туриб, бекор қилишга йўл қўйилмайди» дейилган. Унга «…касаба уюшмасининг розилигини олмай туриб, интизомий жазо қўллаш ҳамда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди» деб ўзгартиш киритиш лозим.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 56-моддаси учинчи хатбошисида «Касаба уюшмаси раҳбари ҳисобланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо беришга, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, шунингдек, касаба уюшмаси раҳбарлик лавозимини эгаллаган ходимлар билан ваколатлари тугаганидан кейин икки йил давомида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга тегишли касаба уюшмаси бирлашмасининг розилигини олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди» дейилган. Ушбу моддадаги жумлани қуйидагича ўзгартириш таклифини бераман: «касаба уюшмаси бирлашмасининг розилигини олмай туриб, интизомий жазо қўллаш ҳамда иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди».
***
Савол-жавобларга бой ўтган муҳокамаларда «Касаба уюшмалари куни» ёки «Касаба уюшмалари ходимлари куни»ни белгилаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида касаба уюшмаларининг доимий ишлайдиган вакили бўлишини таъминлаш тўғрисида ҳам таклифлар билдирилди.
Муқимбой Исмоилов