20.08.2019. Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Тадбирда бирлашма кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳамидулла Примқулов, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг вилоятдаги масъул ташкилотчилари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, ҳамкор ташкилотлар ва ННТ вакиллари, олийгоҳлар ўқитувчилари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг юридик бўлими мудири Ҳ.Примқулов, йигирма етти йил давомида касаба уюшмалари фаолиятини кафолатлаб келган қонун ўзининг тархий вазифасини ўтаб бўлганлиги, айни чоғда жамият ривожи, меҳнат жабҳаларидаги ўзгаришларга мос, давр талабига тўла жавоб бера оладиган ҳуқуқий ҳужжатга бўлган эҳтиёж хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидланганидек, шиддаткор замон фаолиятни тубдан такомиллаштириш, давр ҳамоҳанглигига эришиш, ривожланиш шитобларидан ортда қолмасликни талаб этади. Чорак асрдан ортиқ амалда бўлган қонун бугун давр талабидан ортда қола бошлади. Бугунги кунда меҳнат муносабатлари, мулкчилик шакли ва муносабатларида ҳам катта ўзгариш ва янгиланишларни кўриш мумкин. Халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ривожланиш, меҳнат муносабатларидаги жаҳон андозасига мослашиш сари интилиш ана шундай кўламдор вазифа хусусида фикр юритишга ундамоқда.
Тадбир иштирокчилари янги қонун лойиҳаси юзасидан қатор таклифларни билдиришди.
Аниқлик зарур
Абдужабборхон Нарзуллаев
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Пайариқ туман кенгаши раиси:
– Қонун лойиҳаси билан танишиб баъзи фикр мулоҳазаларни баён этишни лозим топдим. Жумладан, 47 моддага аниқлик киритилиши лозим. Жамоатчилик маниторинги хусусидаги бу модданинг охирги абзаци қуйидагича: “Жамоатчилик маниторингининг ташкилотчиси жамоатчилик маниторингининг объекти, уни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисида ахборотни олдиндан жамоатчиликка эълон қилади”, дейилган. Ушбу абзацнинг охирги қаторини “…тўғрисидаги ахборотни маниторинг ўтказилишидан камида бир ой олдин жамоатчиликка эълон қилади”, дея ўзгартиришни таклиф қилардим. Назаримда муддатнинг аниқ белгиланиши мақсадга мувофиқ бўларди.
Фарзандлар ҳам эътиборга олинса
Дилбар Мустафоқулова
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси:
– Касаба уюшмаларининг муносабатлари тартибида ҳам қатор ўзгаришларни кузатиш мумкин. Жумладан, қонуннинг 59 – моддаси, Касаба уюшмалари билан иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, ижро ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатлар бобида ходимларни ижтимоий суғурталаш, соғломлаштириш, дам олдириш ва бошқа бир қатор имтиёзлар акс этган. Ушбу модданинг иккинчи хат бошисига “Ишловчи ходимларнинг фарзандларини соғломлаштириш” жумласи киритилиши жоиз деб ҳисоблайман.
Аъзам Исоқов
касаба уюшма фахрийси:
– Қонуннинг 49-модасида қўлланилган “поликлиника” жумласи тор маънода қўлланилган. Ушбуни кенг қамровли, пурмаъно матнга алмаштириш лозим. Шунингдек, 54-модданинг охирги 4-абзацидаги ҳамда 64-моддада белгиланган жавобгарлик критерийси тўлиқ очиб берилмаган.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида, шунингдек, АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Н.Ражабов, СамДУ профессори Ф.Набиев ва касаба уюшма фаоллари ҳам қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Рамазон Асқаров
Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ходими