[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.08.2019. Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Маҳмуджон Исаев, касаба уюшма фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда касаба уюшмалари 1992 йилда қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонун ва ҳукуматнинг айрим қарорлари асосида фаолият юритмоқда. Тушунча ва меъёрларга аниқлик киритиш, ишчи-ходимлар манфаатини тўлиқ ҳимоялаш ва тартибга солиш эҳтиёжи янги қонун лойиҳаси яратилишига сабаб бўлди. Қолаверса, ўтган вақт мобайнида Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенцияларининг қабул қилиниш ҳам янги қонунга эҳтиёжни пайдо қилди.
Лойиҳа юзасидан иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шириной УМАРАЛИЕВА,
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири:

– Қонун лойиҳасининг 7-моддасида баён этилган «Ходимнинг касаба уюшмасига кирмаслиги ёки ундан чиқиши ҳақидаги ёзма ёки оғзаки мажбуриятлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади» жумласини чиқариб ташлаш таклифини бераман. Сабаби, Асосий қомусимизнинг 59-моддасида «ихтиёрий» деган сўз бор. Ўзини касаба уюшмасига мансуб­лиги ёки мансуб эмаслиги сабабли камситилган деб ҳисоблаган шахс, камситишни бартараф этиш ва етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун судга мурожаат қилиши мумкин. «Фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга, шунингдек, уларни касаба уюшмаларига аъзоликка киришга мажбурлашга йўл қўйилмайди», деган жумла мазмуни ­лойиҳанинг 7-, 9- моддаларида бир хил маънони ифода этмоқда.

Равшан МАҲМУДОВ,
Гулистон давлат университети профессори:

– Қонун тили содда ва тушунарли бўлсин. Шу сабаблилойиҳани лингвистик жиҳатдан кўриб чиқиш керак. «Касаба уюшмалари инспекцияси» жумласини ҳам бошқачароқ аташ тарафдориман. Чунки айни пайтда инспектор тушунчаси кўп ҳолларда давлат ташкилотига мансубликни билдиради.

Раҳматилла БИЛОЛОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Оқолтин тумани кенгаши раиси:

– Менинг эътиборимни 8-боб тортди. Бобнинг 53-моддасида «касаба уюшмалари ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этадилар» жумласига «… ва молиявий фаолиятини» бирикмасини киритишни таклиф этаман.

Саидбек ЯРИЕВ,
«Сирдарё ИЭС» акциядорлик
жамияти бошланғич касаба уюшмаси раиси:

– 50-моддага таклиф: «Касаба уюшмалари давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ходимларнинг ижтимоий-меҳнат муносабатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий суғурта, аҳолини иш билан таъминлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, санаторий-курортда даволаниш, фарзандларини болалар оромгоҳларида соғломлаштириш бўйича масалалар, шунинг­дек, уставда назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳал этиш учун ўзаро алоқаларни амалга оширишга ҳақли», дея қўшимча киртиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қонун лойиҳасига аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқи ва манфа­атини ҳимоя қилиш бўйи­­ча янги моддалар киритиш лозим деб ўйлайман.

Эргаш БЎРИЕВ,
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси:

– Қонун муҳокамасига тайёрланиш чоғида тармоқ бош­ланғич ташкилотларида муҳокама қилиб, уларнинг таклифларини тўплашга ҳаракат қилдим. Қонун бандларида такрорлар борлиги боис, ихчамлаштиришни таклиф этаман. Масалан, 19-моддада касаба уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки ҳисобга қўйиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар сонини камайтиришни ўйлаб кўриш даркор. 16-модданинг 6-бандида «давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг, шунингдек, иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмасини, уларнинг бирлашмаларини тузишга ташаббускор бўлиш­лари, шунингдек, касаба уюшмаларининг аъзоси бўлиш­лари мумкин эмас» дейилган. Мен «мумкин эмас» сўзини ортиқча деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, 64-моддада касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчиликни ­бузганлик учун жавобгарлик бўлиши ёзилгани билан у нималарда акс топиши бўйича тегиш­ли изоҳ берилмаган.

Озода Мамадалиева