26.08.2019. Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ҳам баҳс мунозараларга, мулоҳаза ва таклифларга бой тарзда ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқ-тарғибот органлари, ҳамкор ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари вакиллари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси меҳнат муҳофазаси бўлими бошлиғи Нодира Каримова ушбу қонунни қабул қилишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, киритилаётган янгиликлар тўғрисида ахборот берди.
– Амалдаги қонун 1992 йил 2 июнда қабул қилинган бўлиб, касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилмаяпти, улар фаолиятининг шаффоф механизмлари ва кафолатларини таъминламаяпти. Касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари, уни амалга оширишнинг тамойиллари, шакллари ва усуллари қонунчилик билан мустаҳкамланмаган. Касаба уюшмаларини ташкил этиш, биринчи навбатда касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг қонун даражасидаги тартиби мавжуд эмас, рўйхатдан ўтишда ҳужжатларни тақдим этиш талаблари тартибга солинмаган. Касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги, шу жумладан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлигининг аниқ тартиби ва мезонлари белгиланмаган,-дея қайд қилди федерация вакили.
Хўш, янги қонунда асосан қандай ҳуқуқ ва кафолатлар белгиланмоқда?
Асосий, касаба уюшмалари фаолияти, уларнинг ҳуқуқий мақоми акс этган. Касаба уюшмаларини ташкил этиш, шу жумладан касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда рўйхатдан ўтказишда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини аниқлаштирилмоқда. Иш берувчилар томонидан ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиниши устидан касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ механизмлари тартибга солинмоқда. Умуман, янги қонун касаба уюшмаларининг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Вилоятимизда ҳам деярли барча бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчилари лойиҳа хусусида ўз фикрларини, таклифларини билдирдилар. Биз энг тажрибали соҳа вакилларининг ҳам муносабатларини ўргандик. Демакки, етакчиларимизда ташкилотимизнинг бундан кейинги фаолиятида ҳуқуқий дастак, янада ривожланишимиз учун асос бўлувчи ҳужжат тақдирига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Орамизда шундай сафдошларимиз қанча кўп бўлса, аъзолар манфаатини ифода этиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бирдамлигимиз ҳам яққолроқ намоён бўлиб бораверади. Бугунги муҳокама ҳам мана шу мақсадга хизмат қилади,- деди Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Даврон Аллақулиев.
Муҳокамада касаба уюшма фаоллари, сиёсий партиялар, адлия бошқармаси, бандлик бошқармаси вакиллари томонидан кўплаб таклифлар илгари сурилди. O’zLiDEP вилоят кенгаши раиси иш берувчи сифатида касаба уюшма аъзолари сафида бўлиш истагини билдирган бўлса, бандлик бошқармаси вакили касаба уюшмалари қошида меҳнат инспекцияларининг ташкил қилиниши ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтиришда ҳамда қатор муаммо ва камчиликларни бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этишини эътироф қилди.
Шунингдек, касаба уюшмалари кунини белгилаш, туманларда касаба уюшмалари уйини ташкил қилиш каби таклифлар ҳам илгари сурилди
ПАРЛАМЕНТ ВАҲУКУМАТДА КАСАБА УЮШМАЛАРИ ВАКИЛИ БЎЛИШИ КЕРАК
Камолжон БЕКЖОНОВ
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари:
-Янги қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари фаолиятининг янада такомиллашишини кафолатлайди. Шу боис қонун лойиҳаси билан яқиндан танишиб, ҳар бир бандни таҳлил қилдик.
Қонун лойиҳасининг 9-моддаси учинчи хатбошисида касаба уюшмасига аъзоликка кириш ёки ундан чиқиш, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин касаба уюшмасида аъзоликни сақлаб қолиш тартиби тегишли касаба уюшмасининг устави билан тартибга солиниши кўрсатилган. Мен унга қўшимча сифатида бир касаба уюшмаси аъзолигидан иккинчи касаба уюшмаси аъзолигига ўтиш тартиби ҳам тегишли касаба уюшмасининг устави билан тартибга солинишини кўрсатиш лозим деб ҳисоблайман. Сабаби, амалда бир тармоқ тасарруфидаги бошланғич ташкилотларнинг бошқа тармоқ тасарруфига ўтиш ҳолатлари учрамоқда. Бироқ, бу қонун билан тартибга солинмаган.
18-моддада касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ва ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки ҳисобга қўйиш тартиблари кўрсатилган. Мен юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлмаган ва тегишли касаба уюшмалари бирлашмалари таркибига кирувчи касаба уюшмаларини ҳисобга қўйиш корхона, ташкилот жойлашган ҳудуддаги тегишли касаба уюшмаси бирлашмаси рўйхатга олиш органида амалга оширилиши керак ва қонунда ҳам шу тартибда акс этиши лозим деб ўйлайман. Ҳозирда амалиётни кўрадиган бўлсак, кўпчилик йирик ташкилотлар, компаниялар шаҳар ва туманларда ўзларининг филиалларини ташкил қилганлар (субсчёт) ва унда кўплаб ходимлар хизмат қилади. Аксариятининг бош ташкилоти Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудларида жойлашган. Филиаллардаги тузилган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ҳам бош ташкилотнинг юридик мақомга эга касаба уюшма қўмитасига бирлаштирилган. Бу ўз навбатида ушбу филиалларда меҳнат қилаётган ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлашда, бахтсиз ҳодисаларни олдини олишда кўплаб қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари ходим учун ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги касаба уюшмасига аъзо бўлиши унга касаба уюшмасининг имтиёзларидан фойдаланишда кўплаб қулайлик ва имкониятлар яратади. Шунинг учун берилаётган таклиф қонунда ўз ифодасини топса мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек, қонунга қўшимча сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенати ва Вазирлар Маҳкамасида доимий асосда ишлайдиган касаба уюшма вакиллари бўлиши ҳақида банд киритишни таклиф этаман. Бу қабул қилинадиган қонунлар, қарорларда касаба аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари янада кенг ифодаланишини, касаба аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Парламент назорати янада кучайтирилишини таъминлайди. Қолаверса, вакил орқали касаба уюшмалари ҳокимятга ва ҳукуматга узлуксиз равишда ўз таклиф, тавсия ва талабларини илгари суриш имконига эга бўлади.
Касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаш зарурати бор
Муяссар РАҲИМОВА
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилоят бўйича масъул ташкилотчиси:
«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари бўлган ходимларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи ва касаба уюшмаларини тузиш, фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш, уларнинг асосий ҳуқуқ ва кафолатлари, мулкий ҳуқуқлари, мол-мулкини тасарруф этиш билан боғлиқ нормалари амалдаги қонунга нисбатан кенгроқ ёритилганини таъкидлаш жоиз.
Қонун лойиҳасининг касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий ривожланиш соҳасида қонунлар ва бошқа меъёр-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи 30-моддасига меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги меъёр-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда, албатта, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ёки тармоқ касаба уюшмаси билан келишиш шартлиги тўғрисидаги меъёрни бошқарув органлари томонидан киритишни таклиф қиламан.
Илгари амалиётда бюджет ташкилотларининг смета-штат жадвалларини тузишда қабул қилинган айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Меҳнат кодекси талабларига, айниқса, иш вақти ва меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларига мос келмаслиги сабабли айрим муаммолар келиб чиқиш ҳолатлари учраб турарди. Жумладан, қонун асосида меҳнат муносабатларини юритган иш берувчиларнинг ҳаракатлари мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш ва бюджет маблағларини растрата қилиш сифатида баҳоланиб, ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган вақтига ва ишдан ташқари ишлаган даврлари учун ҳақ тўланмай қоларди.
Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида узлуксиз фаолият кўрсатадиган иш жойларига штатлар сони ўқувчилар, беморлар, ўринлар сони билан боғлиқ тарзда белгиланади. Ходимлар жадвал бўйича, навбат билан ишга жалб этилади. Оқибатда ходимлар қонунда белгиланган вақтдан бир ярим, икки ҳисса кўп ишлатилса-да, амалда бир ҳисса маош тўланади. Қонунда белгиланган меъёрий юмуш вақти учун бундай иш жойларига 4,2 ва 4,6 штат бирликлари зарур бўлади. Барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар касаба уюшмалари билан келишилган ҳолда қабул қилинса, қонун устуворлиги таъминланарди.
Қонун лойиҳасида касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаш зарурати бор. Чунки касаба уюшмалари Уставида белгиланишича, аъзо касаба уюшмаси ёрдамидан фойдаланиш, унинг ҳимоясида бўлиш ҳуқуқларига эга. Олти ой аъзолик бадалини тўламаган ходим аъзоликдан чиқарилган ҳисобланади. Лекин касаба уюшмаларига аъзолигидан қатъи назар, айрим ишчи-ходимларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Аъзолик бадалини тўлашдан бош тортиб тўхтатганига қарамай корхона касаба уюшмаси ҳимояси ва ёрдамидан фойдаланаётганлар бор. Ҳар қандай субъект молиявий таъминотсиз ҳаракат қила олмайди. Касаба уюшмаларининг молиявий таъминот манбаи эса аъзолик бадалларидир.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим давлат молия-назорати органлари бюджет корхоналарида ўтказилаётган текширувларда ходимларнинг аъзолик бадалларини корхона бухгалтерияси орқали ушлаб қолишда ҳар ой тўлаган аъзолик бадали учун ёзма аризасини талаб қилиб, Меҳнат кодексининг 164-моддасидаги «фақат ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин», деган меъёрга таянган ҳолда иш берувчи ва бухгалтерия ходимларига муаммолар туғдирмоқда. Баъзи корхоналарда эса аъзолик бадалини бухгалтерия орқали ушлаб қолиш ва ўтказиб беришдан бош тортиш ҳолатлари ҳам учраётир. Шу боис касаба уюшмасига аъзолик ихтиёрий, лекин бадалини тўлаш мажбурийлиги қонун билан белгилаб қўйилса, бу каби муаммоларга чек қўйилган бўлар эди.
КОЛЛЕГИЯЛЛИК ПРИНЦИПИНИ КИРИТИШ КЕРАК
Шокир АЛЛАБЕРГАНОВ
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси:
-Бизнингча, касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принципларига коллегияллилик принципини киритиш керак.
Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган 15 ва ундан катта ёшдаги шахслар касаба уюшаларини тузиши мумкинлигини инобатга олиб, қонуннинг 56-модасида белгиланган кафолатлар касаба уюшма аъзоси бўлган талабаларга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллашда ҳам татбиқ этилишини кўрсатиб ўтиш лозим.
АЪЗОЛИККА ЭҲТИЁЖ ҚОЛМАЙДИМИ?
Гулхоним АМИНОВА
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш ташкилотлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси:
– Қонун лойиҳасининг 9-моддаси 4 хатбошисида фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга, шунингдек, уларни касаба уюшмаларига аъзоликка киришга мажбурлашга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Бу яхши албатта.
Шундан келиб чиққан ҳолда 5-моддага 3 хатбоши киритишни таклиф қиламан унда фуқароларни касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилганлар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилиши кўрсатилиши лозим.
Қонун лойиҳасининг 51-моддасида касаба уюшма инспекорлари ҳуқуқлари кўрсатилган. Унда билдирилишича, инспекторлар касаба уюшмаси мавжудлигидан қатъий назар, ташкилотга, иш жойларига тўсқинликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Мен ушбу бандни янада тўлдиришни, яъни «касаба уюшмаси мавжудлигидан қатъий назар, ходимнинг якка тартибдаги аъзолиги бўйича» жумласини киритишни таклиф қиламан. Боиси, касаба уюшмалари аъзо бўлмаган ходимлар манфаатларини ҳам ҳимоя қилаверса, уларда аъзоликка кириш эҳтиёжи қолмайди.
НОҚОНУНИЙ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ ТУЗИЛИШИНИ ТАЪҚИҚЛАШ КЕРАК
Фозил БОЛТАЕВ
Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши раиси:
– Мен қонун лойиҳасидаги «якка тадбиркорлик» тушунчасини «тадбиркорлик билан шуғулланувчи» жумласи билан алмаштиришни таклиф қиламан. Сабаби, тадбиркорлик субъектларига ушбу фаолият билан барча шуғулланувчилар киради.
Қонун лойиҳасининг 28-моддасида касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари белгиланган. Ушбу ҳуқуқларни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Жумладан, касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида прокуратура органларига тақдимномалар киритиш ва судларга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда суд жараёнларида (процессларида) ходим манфаатида иштирок этишга ҳақлилиги кўрсатилиши лозим.
Қонун лойиҳасида айрим жумлаларда аниқ муддатлар кўрсатилмаган. Масалан, 35-модда 3-хатбошисидаги «имкон даражасида қисқа муддатда берилиши» жумласига аниқлик киритиш лозим.
Қонун лойиҳасидан «бошқа вакиллик органлар» тушунчасини олиб ташлаш керак деб ҳисоблайман. Сабаби ушбу қонун айнан касаба уюшмалари тўғрисида бўлиб, бошқа органлар ҳуқуқларини ифодалаши нотўғри.
Шунингдек, қонун лойиҳасида корхона, ташкилот ва муассасаларда амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ишчиларнинг давлат рўйхатидан ўтмаган ноқонуний вакиллик органлари тузилишини таъқиқловчи модда ёки бандлар киритилиши мақсадга мувофиқ.
Б.Исмаилов
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси