04.10.2019. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14-декабрдаги А/RES/45/106-cон резолюцияси билан “1 октябрь-Халқаро кексалар куни” деб эълон қилинган.
Маълумки, мамлакатимизда октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Мазкур ҳафталик доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан, жорий йилнинг 2 октябрь куни Тошкент вилоятидаги таълим ва маданият муассасаларида меҳнат қилаётган ходимлардан 60 нафарга яқини Хоразм вилоятига саёҳатга олиб борилди. Саёҳатчиларнинг 48 нафарини фахрий устозлар ташкил этди.
Устоз ва мураббийлар, фахрий педагоглар кўхна ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрининг бой тарихий обидалари, Урганчдаги диққатга сазовор масканлар билан яқиндан танишиб, олам-олам завқ ва таассурот олдилар.
Шунингдек, “Кексалар хафталиги” доирасида Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимлари таълим соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий устозлар хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутлаш баҳонасида ҳолларидан хабар олдилар. Хусусан, касаба уюшма фаоллари Ўртачирчиқ туманининг Қурамаовул маҳалласидаги Намуна кўчаси, 19-уйда яшовчи 85 ёшли фахрий ўқитувчи, “Халқ маорифи аълочиси” Неъмат Мажидов уйига ташриф буюриб, отахон билан дилдан суҳбат қурдилар ва совға-саломлар топишрдилар.
Тумандаги 3-мактабда ёш авлодга 30 йилдан ортиқ математика фанидан сабоқ берган, 13 йил давомида Таълим фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг Ўртачирчиқ туман қўмитаси раиси вазифасида меҳнат қилган кекса устоз Н.Мажидов бугунги кунда Президентимиз ташаббуслари билан соҳа ходимларига яратиб берилаётган кенг имкониятлар, кўплаб қулайликлардан тўлқинланиб яшаётганини алоҳида таъкидлади.
Ш. Одилхонова
Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири