“Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин”
Шавкат Мирзиёев
12.10.2019. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини бугунги куннинг долзарб экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор қаратди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастурнинг тўлиқ амалга оширилиши тарафдоридир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 2017 йилнинг июн ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви кейинги йилларда бир неча марта камайиб кетган. Бу эса Оролбўйининг табиати, аҳоли саломатлигига, ўсимлик ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган бешинчи йўналишида Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ҳам назарда тутилган.
Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз раҳномолигида Оролбўйи, шу жумладан Мўйноқ тумани ҳудудини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги, “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши бунинг яққол исботидир.
Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш доирасида мўйноқликларнинг асрий орзуси бўлган «Қўнғирот-Мўйноқ сув иншооти қурилиши» лойиҳасининг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши натижасида 25 минг нафардан зиёд туман аҳолиси марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида давомида «Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу – Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак», – деган фикрлари Мўйноқнинг ҳар бир аҳолисига куч-қувват бағишлайди ҳамда уларнинг келажакка бўлган катта ишочини янада мустахкамлайди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 24 август куни бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида Оролбўйи ҳудудига инновацион ечимлар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурган эди. Кўп ўтмай, 2018 йил 16 октябрь куни Ислом тараққиёт банки ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг илмий-техник кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Бугунги кунда марказ томонидан хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилашга илғор тажрибалар ва инновацияларни жорий этиш, саҳрони дарахтзорга айлантириш, қурғоқчиликни бошқариш, чорвачиликни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг ташаббуси билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон барпо этиш лойиҳаси амалга оширилди. Деярли уч ой давом этган тадбир давомида Оролнинг қуриган қисмида 440 минг гектардан зиёд майдонга саксовул уруғи сепилди. Орол денгизининг қуриган майдонига чўлга чидамли ўсимликлар, шу жумладан, саксовул кўчатларини етиштириш ҳавога кўтарилаётган чанг-тўзонни ушлаб қолишга хизмат қилса, иккинчидан озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш орқали ҳудудда қишлоқ хўжалигидаги муҳим тармоқлардан бири бўлган бўлган чорвачиликни ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринларини яратиш имкониятини беради. Ҳайвонотлар ва ўсимликлар оламининг, биохилма-хилликнинг сезиларли даражада кўпайишига олиб келади. Энг асосийси, юзага келган экологик, иқтисодий ҳамда ижтимоий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Мўйноқдан шимоли-шарқий йўналишда 200 километрдан зиёд масофада, собиқ Борсакелмас оролининг шарқий қисмидаги Шағала массивида 300 метр чуқурликдан сув чиқарилди. Оролбўйи аҳолиси ушбу тарихий воқеани «Мўйноқда янги ҳаётнинг бошланиши» деб, катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Феврал ойининг оҳирида 230 метр чуқурликдан иккинчи қудуқдан сув чиқди. Оролнинг сувсиз қолган ҳудудида кенг миқёсда геология-қидирув ишлари олиб борилиб, жами 50 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган.
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида бу масканни юртимизнинг туризм марказларидан бирига айлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Туманда «Орол балиқларидан 99 турдаги таом» гастрономик фестивали, «Стихия» мусиқа фестивали, «Ралли Мўйноқ» спорт мусобақасининг ўтказилиши бу борадаги даслабки қадамлар бўлди. Биргина гастрономик фестивалда Қозоғистон, Россия, Германия, Бельгия, Польша, Жанубий Корея, Хитой, Америка Қўшма Штатлари ва Англия каби давлатлардан 30 нафардан зиёд сайёҳ, 18 та меҳмонхона ҳамда 6 та туризм компанияси вакиллари иштирок этишди.
Президентимиз жорий йилнинг 20 август куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманида Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди ҳамда ҳудудда чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикасини, шу жумладан, Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол фожиасидан азият чеккан ҳудуд аҳолиси ҳаётини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилганлиги алоҳида таъкидлаш зарур. Туманни жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган.
Ташриф доирасида давлатимиз раҳбарининг “Мўйноқда рўй бераётган ўзгаришлар, кўзларингиздаги ҳаётдан мамнунлик кишини қувонтиради. Бу узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижасидир. Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин,” деган сўзлари амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий тасдиғидир.
Жорий йилда туманда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Деярли ҳар ойда янги объектлар ишга туширилиб, аҳоли манфаати учун фойдаланишга топширилмоқда. Жорий йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ҳаракатлари бўйича саммитида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. 65 давлат, 100 дан зиёд йирик бизнес ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашган мазкур саммит доирасида Ўзбекистон делегацияси турли давлатлар вакиллари билан учрашиб, жорий йилнинг 25 октябрь санасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида юқори даражада ўтказилиши режалаштирилаётган “Оролбўйи – экологик инновация ва технологиялар зонаси” мавзусидаги халкаро конференция тўғрисида фикрлашилди. Шунингдек, АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилган икки томонлама учрашувларда қатор масалаларда келишиб олинди. Жумладан, АКШнинг «Project CURE» нодавлат ва нотижорат ташкилоти Қорақалпоғистон аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш учун 400 минг доллардан ортиқ маблағ миқдорида тиббий ускуна ва жиҳозларни беғараз етказиб бериши, Европа инвестиция банки Орол муаммосини бартараф этиш учун Траст фонд доирасида 100 миллион евролик узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағларини ажратиши кўзда тутилган.
Дарҳақиқат, қисқа муддатда Мўйноқда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақиқий давр мўъжизаси десак, асло муболаға бўлмайди. Ушбу мўъжизанинг халқимизнинг рози бўлиши ва қувонч тўйғуларида ўз аксини топаётгани ҳам, бугунги ҳаётимиз ҳақиқатидир.
Улуғбек Жалменов
Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси.