[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

Шуҳрат
 
Ёшликка ёшликнинг ўз кўрки лойиқ
Сен соқол қўйибсан, чиройли соқол,
У сенга бирмунча ярашибди ҳам.
Ўзингча кашф этиб ўзга бир олам,
Ўзингча юрибсан мағрур ва хушҳол.
 
Мен сенга термилиб қоламан ҳайрон,
Наҳотки ёшликдан безибди, дейман.
Наҳотки бемаҳал совиб қайноқ қон,
Қалбида кексалик сезибди, дейман.
 
Биламан, болалар болалигида
Тез катта бўлмоқни қилади ҳавас.
Сен ахир йигит-ку, чўнг билагида
Ёшликнинг виқори ёнган басма-бас.
 
Наҳотки, ёшликдан шунча тез тўйдинг,
Наҳотки тафтига беролмадинг дош.
Наҳотки ўтида бемаҳал куйдинг,
Ҳижронга отдими бирор қаламқош!
 
Ё сени ёшликнинг азимкор қўли
Бир синиқ сополдай улоқтирдими?
Ё сени босдими гумроҳлик сели,
Алдамчи хаёллар йўлдан урдими?
 
Кексалик хилватин ё тинчроқ билиб,
Бошпана қидириб қолдингми, қочоқ.
Бегона мавсумдан ўлжа қидириб,
Бегона завқларга очдингми, қучоқ?
 
Кишилар ёш ўтиб, сипо тортганда
Соқолни ўзига кўради раво.
Нега сен ёшликни қилиб бот канда,
Дардингга изладинг соқолдан даво!
 
Ё тентак ҳавасми, ё бебош қилиқ?
Шундайми? У ҳолда соқолни қирдир.
Ёшликка ёшликнинг ўз кўрки лойиқ.
Ёшликда ёшликнинг гавҳарин қидир!
 
Ҳар ёшнинг ўз гашти, ўз жамоли бор.
Бегона завқ-шавқни қилма ихтиёр!
1972 йил