[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

No images found in the content.

14.10.2019. Ҳаётбахш ўзгаришлар йўлида

Амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Шавкат Мирзиёев

 

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бутун мазмун-моҳияти билан фақат инсон манфаатларини ифода этмоқда, десак муболаға бўлмайди. Арзон турар-жойлар қурилаётганлиги, уларнинг бир қанчаси кам таъминланганлар ва ногиронларга имтиёзли шартларда ажратилаётганлиги, тадбиркорларга енгилликлар яратилиб, қулай инвестицион муҳит юзага келтирилгани ва ишлаб чиқаришни тараққий эттириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг илиқлашуви, ҳатто, китоб ўқиган болага автомашина берилаётгани замирида одамларнинг турмушини яхшилаш, маънавиятини юксалтириш, юртимизни дунёнинг илғорлари сафида бўлишини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. “Обод қишлоқ” дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши кўплаб оддий одамлар турмушида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш имконини берди.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан республикамизда биринчи бўлиб намуна сифатида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи мамлакатимизда бошланган “Обод қишлоқ” дастурини татбиқ этишда намуна сифатида тарихда қолди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғида бугунги кунда 6,5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Кейинги йилларда инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр-энергияси таъминоти, маданий-маший хизмат кўрсатиш талабга жавоб бермаслиги натижасида одамлар жуда қийин аҳволга тушиб қолган эди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасидаги бунёдкорлик ишлари давомида болаларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, аёллар учун пазандалик, тикувчилик, қандолатчилик ўқув курсларини ташкил этиш, уй-жойларни, қишлоқ йўлларини таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш учун банк кредити ажратиш каби долзарб ишлар қисқа муддатда амалга оширилди.

Яширишдан не ҳожат, яқин йилларгача бу соҳаларга эътибор сустлиги оқибатида аҳолининг турмуши бугунги тараққиёт мезонларидан анча ортда қолган эди. Бундан бир неча йил аввалги Манасдаги ҳаётни кўз олдимизга келтиришнинг ўзиёқ мазкур ҳудуддаги бугунги ўзгаришларни амалга ошириш нечоғли зарур бўлгани аниқ ва равшан намоён бўлади.

Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индинга ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун орзу-ниятига етишини, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлиб яшашини истайди.

Инсон қачон бахтли бўлади? Қачонки, у ўз уйига эга бўлса, оиласи билан тинч-тотув яшаса. Эзгу ният билан ўзи ва фарзандлари учун уй қуриш халқимизга хос азалий одат. Аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш ва ҳаёт сифатини яхшилашда уларни уй-жой билан таъминлаш муҳим кўрсаткичлардан саналади. Бугун қайси бир ҳудудда бўлманг, барча қулайликларга эга, замонавий уй-жой мажмуалари, шаҳарчалар бунёд этилаётганининг гувоҳи бўласиз. Бугун, аввало, эҳтиёжманд оилаларни имтиёзли уйлар билан таъминлашга эътибор  қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари эътибори билан “Обод қишлоқ” дастури асосида Манасда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддатда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартарф этиш учун 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Икки қаватли 34 та уйнинг томи қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар курилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.

Энг муҳими, мазкур бунёдкорлик ишлари оилалар турмуш тарзига, уларнинг фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатди. Ёш оилаларнинг мустақиллиги, мустаҳкамлигини таъминлаш билан бирга оиладаги низолар ва ажримларнинг олди олинди. Мамлакатда ислоҳотлар, энг аввало, инсон манфаатлари йўлида, уларнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилаётганлигига аҳоли ишона бошлади.

Шу ўринда бир фикр. Фаровон турмуш энг аввало тинчлик бор жойда кафолатланади. Айнан тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик, ривожланишни таъминлайди. Ҳамма соҳада мувозанатни сақлайди. Ҳар бир инсонга эртанги кунга ишонч ва умид билан қараш хуқуқини беради.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Сувоқова” давлат унитар корхонаси жамоаси томонидан 6,5 километрлик сув қувури ётқизилди. Сув тарқатиш иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 2 та умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ушбу мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди. 17 та болалар майдончаси, 2 та мини футбол майдони, 250 ўринли стадион барпо этилди.

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бошлангандан буён қишлоқда      200 дан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, “Жиззахпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 100 ўринли, “Заминтекс” масъулияти чекланган жамиятининг 20 ўринли тикувчилик цехлари қурилиб, қишлоқ хотин-қизларидан 120 нафари ишга жойлаштирилди.

30 та иссиқхона, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг чорва молларини боқиш учун 100 бош қорамолга мўлжалланган замонавий ферма қурилди. Шу ерда ветеринария пункти ишга туширилди. Аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш мақсадида замонавий кўринишдаги 31 та савдо дўкони, новвойхона, ҳаммом барпо этилди. 500 ўринли “Манас” маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилди. Қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб, унинг ўрнида 500 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ташкил этилди.

Манасда жойлашган “Айчурек” номли 125 ўринли мактабгача таълим муассасаси Жанубий Корея давлати стандарти асосида ташкил этилиб, жиҳозланди. Ушбу масканда болажонларнинг дастлабки билим ва кўникмаларини илғор хорижий тажрибалар асосида шакллантириш учун барча қулайликлар яратилди.

Манас ҳудуди, кўчалар обод этилиши билан бир вақтнинг ўзида оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни модий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам амалга оширилгани нур устига аъло нур бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган оилалардан бўлган фуқаролар Сафаргул Холмуродова, Дилрабо Сатторова, Турсуной Мусурмонкулова, Ойтол Алибаева, Бувсара Бўтабековалар оиласи касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жихозлари билан таъминланди. Мирмади Мирсалимов, Озода Абдурахмонова, Бахтиёр Ражабов, Надежда Кожушко, Муяссар Бобилова, Руқия Байитова каби эҳтиёжманд фуқароларга газ плиталари ва газ баллонлари топширилди.

Сирасини айтганда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги уй-жойлар ва инфратузилма объектлари хароб аҳволга келиб қолган Манас қишлоғида қисқа муддатда мисли кўрилмаган янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бугун ушбу ишлар натижасини кўрган кишининг қалби заққа тўлиб, “қаровсиз қолиб кетган жойларда ҳам ана шундай эзгу ишларни амалга ошириш мумкин экан-ку”, дея бугунги кунга етказганига шукроналар айтмоқда. Бунга сабаб, мазкур ҳудуднинг атиги 1,5 ой ичида мутлақо замонавий қиёфа касб этгани, энг муҳими, нафақат қишлоқнинг ташқи қиёфаси, балки қишлоқ аҳолисининг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ҳам ўзгариб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлганидир.

Шу ўринда муҳим бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Одамлар онги, дунёқарашидаги ўзгаришлар нафақат Манас аҳолисида, балки барча юртдошларимизнинг онгу шуурида ҳам кузатилмоқда. Зеро, муҳтарам Президентимизнинг одамлар ташвиши, мақсад-муддаолари, уларни рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, кўплаб муаммолар, долзарб масалаларга ўз вақтида, тезкор ва оқилона ечим топиш бўйича амалга ошираётган ислоҳотлари барчамизни юрт равнақи йўлида бирлашишга, фаол бўлишга, инсон манфаатларининг барча нарсадан муҳим эканлигини дилдан англаб етишга ундамоқда. Бу каби кенг кўламли янгиланиш ва ислоҳотлардан илҳом олган юртдошларимиз бугун шароити мураккаброқ бўлган қўни-қўшниси, нуронийлар, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, ён-атрофнинг тозалиги, йўлларнинг тунда ҳам чароғон бўлиши, атроф-муҳит хавфсизлиги учун масъулиятни теран ҳис этган ҳолда, уларда юрт тақдири, унинг бугуни ва эртанги кунига дахлдорлик ҳисси ортиб бораётгани қувонарлидир.

Сирасини айтганда, бугун олис ва чекка ҳудудларда ҳам яшаш, одамларнинг муносиб меҳнат қилиши, дам олиш олиши, улар турмуш даражасини ошириш учун барча шароитлар яратилмоқда. Буни бугун баҳордан дарак бергувчи бодом гуллари каби гўзалликка бурканган Манас мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар барча ҳудудларда, барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётгани руҳимизни кўтариб, халқимиз турмуши даражаси ва сифатини янада ошириш учун янги изланишлар сари ундамоқда, эртанги кунга умид ва келажакка ишончни кучайтирмоқда.

Нусратулла Пардаев

Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси