[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

No images found in the content.

25.10.2019. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 24 октябрдаги мажлисида парламент аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинган масалалардан бири, шубҳасиз, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилганидек, касаба уюшмалари — мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади. 14 та соҳавий касаба уюшмалари, 32,4 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар ўз сафида 5,1 миллиондан ортиқ меҳнаткашни бирлаштирган.

Бироқ 1992 йил 2 июлда қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун давр нуқтаи назаридан ўзининг тарихий вазифасини бажариб бўлган ҳамда замонавий меҳнат муносабатлари тизимида ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларига эга эмас эди.

Шу муносабат билан, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент Қонунчилик палатасига киритилди.

Лойиҳа қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида айнан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан киритилиши – парламент аъзоларининг меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бефарқ эмаслигидан ҳам далолатдир.

Мажлисда таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан «Қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши лозим», деган тамойилни рўёбга чиқариш, қонун ижодкорлиги жараёнларига фуқароларни кенг жалб қилиш мақсадида жамоатчилик ўртасида кўплаб муҳокамалар ташкил этилди.

Жамоатчилик муҳокамалари уч йўналишда ташкил этилди. Биринчи йўналиш — интернет тармоғи орқали шу йилнинг июль-август ойларида ўтказилиб, лойиҳа матни Қонунчилик палатасининг «parliament.gov.uz» веб-сайтига жойлаштирилди. Шу асосда юртдошларимизнинг 300 га яқин таклифи электрон тарзда қабул қилинди. Иккинчи йўналиш — Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг «Ишонч» ва «Доверие» газеталарида қонун лойиҳасининг матни чоп этилиб, касаба уюушмалари фаолари иштирокида республикамизнинг барча ҳудудларида 30 дан ортиқ жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Уларда 500 дан зиёд таклиф билдирилди. Учинчи йўналиш — соҳа экспертлари, мутахассислар, олимлар ва илмий тадқиқотчилар иштирокида 10 га яқин тадбир ташкил қилинди.

Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қонун лойиҳаси ишчи гуруҳ йиғилишлари, парламент қуйи палатасидаги қўмиталар ҳамда сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси томонидан ўзбек адабий тилининг қоидалари ва қонун лойиҳаларига қўйилган талабларга риоя этилиши юзасидан кўриб чиқилиб, обдон пишитилди.

Ана шундай кенг кўламда ўтказилган муҳокамалар чоғида билдирилган таклифлар синчиклаб ўрганилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунига қўйилган талаблар асосида қонун лойиҳасига 150 дан ортиқ тегишли ўзгартириш ва тузатишлар киритилди, матндаги 30 дан зиёд ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси қатор янгиликларни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир. Хусусан, касаба уюшмаларини ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш, давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, устав ва рамзларга қўйилган талаблар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган бўлса, эндиликда мазкур тартиб-тамойиллар қонун ҳужжати асосида амалга оширилади.

Шунингдек, янги қонун билан касаба уюшмаларининг ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишда жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ходимларнинг манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ҳал этишда қатнашиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш бўйича ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда.

Алоҳида қайд этиш лозимки, қонун касаба уюшмалари фаолиятининг принциплари, касаба уюшмаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби, ҳуқуқларига риоя этилишининг кафолатлари, касаба уюшмалари фаолиятининг иқтисодий асослари, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тўғрисидаги янги боблар билан бойитилган.

Қизғин баҳс-мунозаралар асосида кечган муҳокамалардан сўнг депутатлар мазкур қонун лойиҳасини маъқулладилар.

Мажлисда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунни Сенатга юбориш ҳақида қуйи палатанинг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайтидан олинди