28.10.2019. Бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг корхона ва ташкилотларда тутган ўрни ва мавқеини янада ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият учун зарур меъёрий-ҳуқуқий асослар ҳамда барча шарт-шароитларни яратиш мақсадида соҳада тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан ҳар икки йилда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида «Энг намунали бошланғич ташкилот» республика кўрик-танловининг ўтказилиши бу соҳада қўйилган муҳим қадамлардан биридир.
Бундан ташқари, ҳар йили бошланғич ташкилотлар раисларининг ўзаро тажриба алмашишлари учун намунали бошланғич ташкилотларга ташрифлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Хоразмда бўлиб ўтди.
Бир гуруҳ тармоқ касаба уюшмаси фаолларини «UzAuto Motors» АЖ Хоразм филиали фаолияти билан таништириш мақсадида корхонада семинар ташкил қилинди.
Семинарда корхона директори Улуғбек Маткаримов корхона фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритди.
Шундан сўнг иштирокчилар нафақат анъанавий техника хавфсизлиги бўйича видеоролик ҳамда корхона касаба уюшма фаолияти билан, балки корхонанинг ишлаб чиқариш цехлари билан ҳам танишишди.
Ҳозирги кунда «UzAuto Motors» АЖ Хоразм филиали республикамиздаги энг илғор корхоналардан бири ҳисобланади. Ўз фаолиятини 2014 йилда бошлаган корхонада 2 мингдан зиёд ишчи-ходимлар ишлайди. Корхонада «DAMAS» ва «LABO» русумли автомобиллар ишлаб чиқарилади. 2018 йилда 42 мингта автомобиль мижозларга етказиб берилган, 2019 йилда уларнинг сонини 60 мингтага етказиш режалаштирилган.
Ҳар йили корхона меҳнат муҳофазаси бўйича турли кўрик-танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Тадбир давомида «Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши жамоатчилик назоратини ташкил қилиш» кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларига эҳтиром кўрсатилди. Ғолиблар эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.
Тадбир дастурига, шунингдек, тармоқ ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг навбатдаги Раёсат йиғилиши киритилган эди. Йиғилишда кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар Хоразм вилоятида жойлашган бир қатор корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, иштирокчилар Хива шаҳридаги тарихий қадамжоларни ҳам зиёрат қилишди.
Шодия Аюпова
Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг бош мутахассиси