12.11.2019. 2019 йилнинг 08 ноябрь куни Фарғона шаҳрида “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз!” вилоят кўрик-танлови бўлиб ўтди. Кўрик-танлов Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг ташаббусига асосан, вилоятдаги Олий таълим муассасалари хамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унга вилоятдаги 4 та олийгоҳларнинг талабалари жалб этилди. Танловнинг илк босқичи таълим даргоҳлари кесимида ўтказилган бўлиб, иккинчи — вилоят босқичида сараланган жамоалар қатнашдилар. Хусусан, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Ёш тиббиётчилар” жамоаси, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалининг “Истиқбол”, Фарғона давлат университетининг “Буюк келажак”, Фарғона политехника институтининг “Ёш сайловчилар” жамоалари сайлов қонунчилиги юзасидан ўзаро беллашдилар.Танловда иштирокчи жамоалар 3 та шарт асосида куч синашдилар. Дастлабки шартда ўз таълим даргоҳи ҳақида маълумотлар, шунингдек, талабаларнинг сиёсий жараёнларга нисбатан қизиқиши, хабардорлиги, ўқув юртида бу масалаларга эътиборнинг нечоғлик кучлилиги ҳамда сайлов тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилиши талаб этилди. Мазкур шартда ўз фаоллигини кўрсатган талабалар иккинчи шартда савол-жавоблар асосида сараланди. Учинчи шарт эса саҳна кўринишларидан иборат бўлди. Албатта, танлов шартлари давомида талабалар ўзларининг сайлов қонунчилиги бўйича нечоғлик маълумотга эга эканликларини, Сайлов кодекси ва у асосида сайлов жараёнларига киритилган ўзгариш ва янгиликлардан қай даражада бохабар эканликларини яна бир бор намойиш этдилар. Қизғин баҳслар билан танлов ғолиби ҳам маълум бўлди. Танловда 96 балл тўплаб Фарғона Давлат Университетининг “Буюк келажак” жамоаси 1-ўринга муносиб деб топилди ҳамда жамоага тарихий Самарқанд шаҳрига саёҳат учун бепул йўлланма берилди.Сайлов олди тадбирлари давом этмоқда.