15.11.2019. Шижоат билан ишга киришган иштихонлик Бобошер Ўтамуродов ҳеч қандай сабабсиз ишдан бўшатилганини билгач, бу ҳақда Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, Қуролли кучлар сафидан пенсияга чиққан зобит кейинги фаолиятини ёшлар тарбиясига бағишлашга қарор қилган. У Иштихон тумани мудофаа ишлари бўлими тавсияси билан 20-ўрта таълим мактабининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси сифатида иш бошлаган.
Бир йил мобайнида ўз соҳаси бўйича бир қатор янгиликларни жорий қилган Б.Ўтамуродовнинг мактабда ўз маблағи ҳисобидан ҳарбий бурчак ташкил этгани таҳсинга лойиқ. Бундай намунали фаолият нафақат туман, балки вилоятда ҳам эътироф этилди. Аммо…
– Жорий ўқув мавсуми бошланган пайтда ўрнимга бошқа киши тайинланганини билиб, очиғи, ҳайрон қолдим, – дейди Бобошер Ўтамуродов ўз мурожаатида. – 4 сентябрдан бошлаб ўрнимга Бахтиёр Тожиев деган киши иш бошлаган экан…
Бунга Иштихон тумани халқ таълими бўлимининг 2019 йил 4 сентябрдаги буйруғи, 2019 йил 9 сентябрдаги 4-сонли тавсияномаси асос қилиб кўрсатилган. Бироқ, буни қарангки, шу фандан дарс ўтиб келаётган Бобошер Ўтамуродовни вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги буйруқ эса… йўқ! Мурожаатни ўрганиш чоғида бундай буйруқ мутлақо тайёрланмагани аён бўлди. Бошқача айтганда, собиқ зобит, яъни соҳага дахлдор мутахассис бесабаб ишдан ҳайдалган.
Ажабо: мазкур вазифа тайинловига буйруқ тайёрлаган Иштихон тумани халқ таълими, кадрлар бўлими бошлиғи, мазкур буйруқ ва тавсияномага имзо чеккан ХТБ мудири шунчалар лоқайдми? Бир инсон тақдири улар учун ўйинчоқми?
Касаба уюшмалари аралашуви билан адолат тикланди. Б.Ўтамуродов ўз иш ўрнига қайтарилди. Унга мажбуран бекор юрган кунлари учун тўлов тўлаб берилади. Аммо мутасаддиларнинг лоқайдлигини, меҳнат қонунчилигига зид хатти-ҳаракатини асло оқлаб бўлмайди.
Мамлакатимизда меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Жамиятимизда адолатнинг барқарор бўлиши масъул лавозимдагиларнинг қонунларимизни чуқур билиши ва унга амал қилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бинобарин, ҳеч кимга кўнглига келган ишни қилиш ваколати берилган эмас. Шу боис, ушбу ҳолат кўпчиликка сабоқ бўлиши лозим.
Улуғбек Ғаниев
Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири