[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.11.2019. Ўтган йили ҳузуримга бир аёл келди. Олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Уч йил умумтаълим мактабида математикадан дарс берган. Аммо турмушга чиққанидан буён уй бекаси экан. Аёл ишлашни жуда-жуда исташини, бироқ турмуш ўртоғи рухсат бермаётганини айтиб, маслаҳат сўради. Келинчакнинг оиласига бордим. Куёв бўлмиш ҳайдовчи экан. Пенсия ёшига етмаган қайнота ва қайнона ҳеч қаерда ишламайди. Оиладагилар билан узоқ суҳбатлашишга тўғри келди. Охир-оқибат, ёш муаллима ўз касбини давом эттирадиган бўлди. Яқинда муаллиманинг турмуш ўртоғи мени йўқлаб келди.

– Аёлимнинг ишга жойлашиши оиламиз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, – дейди у. – Илгари тез-тез жанжаллашиб турардик. Ҳозир ҳаммаси бошқача, хурсандмиз. Янада қувонарлиси, яқинда имтиёзли кредит асосида уй олиш имконига эга бўлдик.
Дарҳақиқат, бозор иқтисодиёти шароитида аёллар бандлигини таъминлашнинг аҳамияти катта. Бугун ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг бири ҳам айнан аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳозирги пайтда Хоразм вилоятида иш билан банд бўлган 19257 нафар ишчи-ходимнинг 10591 нафарини аёллар ташкил этади. Демак, вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожида хотин-қизларнинг ҳиссаси салмоқли. Аёлларга янада кўпроқ имконият бериш, уларнинг ўзини намоён қилиши учун шарт-шароитларни кенгайтириш орқали жамият фақат наф кўради. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 4862 та янги иш ўрни яратилди. Агар бандликка кўмак­лашиш марказларига 22438 нафар хотин-қиз ишсиз сифатида мурожаат қилганини инобатга олсак, бу рақам унчалик катта эмас.
Бандлик масаласини ҳал қилиш мақсадида 45 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинган. Уларда 3495 нафар аёл иштирок этиб, уларнинг 480 нафари бандлик мақомига эришишга муваффақ бўлган. 222 нафар аёл касб ўрганишга ўқитилган бўлса, 509 нафари эса жамоат ишларига жалб қилинган.
Давлатимиз раҳбарининг беш ташаббуси доирасида қисқа фурсатда Янгибозор, Шовот ва Хива туманларида 3 та корхона иш бошлаб, 330 нафар аёлнинг бандлиги таъминланган эди. Яқинда уларнинг сафи яна кўпайди. Қўшкўпир туманида ташкил қилинган корхонада 55 нафар аёл иш бошлаган бўлса, яна 30 нафар қиз касб ўрганишга жалб қилинди. Йил охиригача яна 250 нафар аёлнинг банд­лиги таъминланади. Аёлларнинг кўпчилиги айнан тикувчилик йўналишида иш билан таъминлангани бежиз эмас. Биринчидан, бу ўрганиш осон бўлган ҳунар. Иккинчидан, бугун мамлакатимизда тўқимачилик саноати жадал суръатда ривожланмоқда.
Эътироф этиш жоизки, кейинги йилларда бир марталик бюро фаолияти йўлга қўйилгани ҳам аёллар банд­лигини таъминлаш, улар меҳнатига қонуний тус беришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда Хоразм вилоятида 273 нафар аёл айнан мазкур бюро орқали иш бошлади.
Аёллар бандлиги ҳақида гап кетар экан, жазони ўташ муассасаларидан қайтган опа-сингилларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ҳам жиддий эътибор қаратилаётганини таъкид­лаш жоиз. Ўтган даврда жазони ўтаб қайтган 16 нафар аёлнинг 7 нафари иш билан таъминланган. Касаба уюшмалари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда барча аёлларнинг банд­лигини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ишлашга эҳтиёжи бор аёлларнинг ярми ҳам ўз истагига эришмаган. Демак, ҳали бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўп. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаганлар, уч ёшгача ёки ногиронлиги бўлган фарзанд тарбиялаётганлар, чекка қишлоқларда яшовчилар, шунингдек, 50 ёшдан ошган аёллар иш топишда қийинчиликка дуч келмоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг камлиги, мактабларда дарсдан сўнг тўгарак машғулотлари йўлга қўйилмагани, иш таклиф қилинаётган корхоналарда иш ҳақининг пастлиги туфайли қатнаб ишлаш ўзини оқламаслиги, ҳудудларда аёллар учун иш ўринлари озлиги каби қатор омиллар аёллар бандлигини таъминлашга тўғаноқ бўлмоқда.
Тараққиёт сабабли янги касблар юзага келмоқда. Бунинг учун қизларга келажакда жамиятда ўз ўрнини топиши, чиройли турмуш кечириши учун пухта билим олиши зарурлигини уқтириш ва керакли шарт-шароитларни янада кенгайтириш лозим. Бу эса ота-онадан ҳам эътибор, масъулият талаб қилади. Қизи оғир ижтимоий ­шароитга тушиб қолмаслигини истамаган ҳар бир ота-она унинг билимли бўлиб вояга етишига кўмаклашиши керак бўлади.
Аёлнинг муносиб шароитда ишлаши, иш ҳақини вақтида олиши, ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши ҳам долзарб масалалардан ҳисобланади. Касаба уюшмаси фаоллари барча тизимлардаги корхона ва ташкилотларда иш берувчилар томонидан энг кам иш ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини амалга оширмоқда. Аниқланган камчилик­лар тегишли тартибда бартараф этилмоқда.
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар комиссияси мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномаларига хотин-қизлар учун хавфсиз меҳнат, дам олиш ­шароитлари яратиб берилиши, меҳнатга муносиб ҳақ тўланиши, қўшимча имтиёзлар берилиши каби масалаларнинг киритилиши ва уларнинг ижроси бўйича жамоатчилик назоратини кенг миқёсда амалга оширмоқда.
Шу йилнинг 9 ойи давомида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими 141 та ариза ва шикоятни кўриб чиққан. Шундан 104 та ариза аёллар томонидан йўлланган. Барча мурожаатлар қонун талаблари асосида ўрганилиб, ҳал этилган.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар ҳам борки, уларга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Хусусан, ҳали ҳам хусусий секторда меҳнат шартномаси тузмасдан ишга олиш, иш ҳақини «конверт усулида» тўлаш ҳолатлари учраб турибди. Расмий секторда ишлаётган аёлларнинг барчаси ҳам меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланаётгани йўқ. Айрим иш берувчилар, «мен тадбиркорман, ишимга ҳеч кимнинг аралашишга ҳақи йўқ», дея меҳнат қонунчилиги талабларини қўпол равишда бузиб келмоқда. Уларда ишлаётган аёллар ишсиз қолишдан қўрқиб, иш берувчининг талабларига сўзсиз бўйсунишади. Хусусий секторда 8 соатдан кўп ишлаётганлар бор. Айрим корхоналарда аёллар учун маиший шароит яратилмаган, меҳнат муҳофазасига етарлича эътибор берилмаган. Нодавлат сектордаги аксарият иш берувчилар корхонада касаба уюшмаси ёки бош­­қа жамоат бирлашмалари ташкил қилинишига қатъиян қаршилик кўрсатмоқда. Оқибатда эса касаба уюшмалари хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш имконига эга бўлолмаяпти. Аслида, ходимни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаган тадбиркорнинг бизнеси янада ривож­ланади. Афсуски, буни айримлар анг­лаб етмаяпти.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, музокаралар туфайли кўпгина муаммолар ечим топмоқда. Бироқ ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. Зеро, мақсадимиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш, муносиб шароитларда ишлаб, меҳнатига яраша рағбат олишини кафолатлашдир.

Муяссар Раҳимова
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раисаси