[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.11.2019. Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси жамоаси ҳафтада бир бор туманларга чиқиб, барча идора ва корхоналарнинг касабақўм етакчилари билан мулоқотга киришди. Навбатдаги учрашув Бўстон туманида ўтказилди.

Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси борасида айтарли муаммо йўқ, саломатликларини тиклаш учун санаторийга йўлланмалар вақтида ажратилаётган, меҳнат муҳофазаси бўйича ҳам ўзига яраша тажрибалар қўлланилаётган бир пайтда барча касабақўм етакчиларини ёппасига чорлаб, йиғилиш ўтказишдан муддао не?
Турли ташкилотлар ходимларидан бирлашмага келаётган ариза ва шикоятлардан хулоса қилинишича, бошланғич касаба уюшма қўмита раислари ўз ваколатларини тўла англаб етмаётгандек. Айтайлик, бир ходим асоссиз ишдан бўшатилганидан норози бўлиб, бирлашмага арз қилди. Мутахассислар вазиятни ўрганса, маъмуриятнинг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф. Бирлашмадан ўша ташкилот раҳбарига тақдимнома йўлланяптики, «ўзингизча ташаббус қилиб ходимни ишдан озод қилишга ҳаққингиз йўқ, дарҳол вазифасига тиклаб қўйинг, меҳнат қонунчилигини ҳам бир ўқиб қўйсангиз зиён қилмайди» дея. Амалдор хатосини тан олса-ку, хўп, аммо тақдимномани писанд қилмаса-чи?
Бундай вазиятда кўриладиган чора аниқ – ходим манфаатини кўзлаб фуқаролик судига мурожаат этилади. Ишни кўраётган судьянинг биринчи саволи маълум: раҳбарият ходимни бўшатиш чоғида касаба уюшмаси розилигини олганми? Розилик олинган бўлса, тартиб-таомилига амал қилинганми? Аксарият низоларнинг судгача етиб келишининг асосий сабаби айни мана шу нуқтада кўриняпти.
Семинарда бирлашма ­раисининг ўринбосари Ҳамидулло Матисаев ҳамда юридик бўлим мудири Ҳабибулло Усмонов қуйи бўғин етакчиларига уқтиришдики, иш берувчи ўз ташаббуси билан ходимни вазифасидан четлатмоқчими, марҳамат қилиб, энг аввал касаба уюшма қўмитасининг фикрини олсин. Вазият қўмита аъзоларининг энг камида учдан икки қисми ҳамда тақдири ҳал этилаётган ходим иштирокида кўриб чиқилиши шарт.
Амалиётда учраб турган ҳамда айрим бошланғичлар етакчилари тушунмаётган масалалардан бири бундай: корхонанинг бўлим бошлиғи қўл остидаги ходимдан норози бўлиб, уни «кўчага қувиш» лозимлиги ҳақида раҳбариятга арзнома битди. Раҳбар, ўз нав­батида, хатга «фишка» қўйиб, касаба уюшмаси иштирокида кўриб чиқилсин, деган мазмунда топшириқ берди. Бундай ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
Бирлашма мутахассислари таъкидлашдики, раҳбарларнинг қонунчилик талабини ўз йўриғига мослаб талқин этишига йўл қўйманг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам иш берувчи муайян муаммо юзасидан ходимлар вакилига расмий хат билан чиқиши шарт.
Фаолиятга оид яна бир муҳим жиҳат бор. Масалан, бошланғич қўмита раиси беш йилга сайланади. Албатта, ҳар қандай уқувли кадр қисқа муддатда жамоат ташкилоти фаолиятига оид хат-ҳужжатлар, устав ва йўриқномалар билан ишлашнинг ҳадисини олади. Айниқса, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ўтказиладиган турли ўқув ва йиғинларда тажриба ошиб бораверади. Аммо етакчи ваколати тугамасдан пенсия­­га чиқса ёки бошқа ишга ўтиб кетса, ўрнига сайланган раис ишни бир маромда, қоқилмай-туртилмай давом эттира оладими? Бу саволга ҳар доим ҳам «Ҳа!» деб жавоб бериш қийин.
Семинарда ана шундай тоифадаги касабақўм етакчиларининг иш тутуми ҳамда хат-ҳужжатлар билан ишлаш кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Токи имкон қадар юқорида тилга олинган камчилик ва нуқсонлар бўй кўрсатмасин.
Шунингдек, келгуси йил бошида янгиланажак жамоа шартномаларини пишиқ-пухта тузиш, имкон қадар турли имтиёзлар билан бойитиш, маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирларини кун тартибидан туширмаслик, ишлаб чиқариш гимнастикасини кенг тарғиб қилиш юзасидан асосли тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида Бўс­тон туманидаги 1-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Зуҳра Каримованинг жамоатчилик фаолиятида эришаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилди.

Нурилло Нўъмонов