[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.12.2019. 2019 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси иш бошлади.
Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Cенаторлар “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда касаба уюшмалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Бироқ амалдаги Қонун нормалари анча эскирган ва Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар нормаларини концептуал жиҳатдан акс эттирмайди. Шу муносабат билан ушбу соҳани тартибга соладиган янги Қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келди.

Қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг қуйидаги асосий принциплари белгилаб берилмоқда: қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик. Шу билан бирга касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилиши кафолатлари белгиланмоқда. Жумладан, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди.Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга, касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари, касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ходимлар учун меҳнатга оид қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда. Қайд этилганидек, Қонун ходимлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари учун қулай шарт-шароит ва кафолатлар яратишга, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото УзА