05.12.2019. Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига Чимбой туман Қизилўзак қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаб келган Ж.Қаипназаровдан мурожаат келиб тушди.
Маълум бўлишича, коллеж директори П.Ержанов штат бирлиги қисқариши сабаб, пенсионер ходимни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-бўлим 1-бандини асос қилиб ишдан бўшатган.
Коллеж директори 2019 йил 1 июль 63-сонли буйруғида Меҳнат кодексининг 109-моддасига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақасини ва ушбу кодекснинг 67-моддасида кўрсатилган кафолатли тўламларни тўлаш мажбуриятини зиммасига олган. Мурожаатни ўрганиб чиққанимизда, иш берувчи ишдан озод этилган ходим олдидаги мажбуриятини бажармагани аниқланди. Яъни, Меҳнат кодексининг 67-моддасига мувофиқ ходим иш қидириш даврининг икки ойи учун компенсация олиш ҳуқуқига эга.
Ариза эгаси Ж.Қаипназаровнинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, икки ярим ой давомида ходимга тўланмай келинган компенсация пуллари ундириб берилди.
Ўролбой Ўразбоев
Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Юридик бўлими юристконсульти